“Мовароуннаҳр” нашриёти Имом Муҳам­мад Шамсиддин Жазарийнинг тажвид илмига бағишлаб ёзган “Жазарий матни” рисоласини ўзбек тилида шарҳ ва изоҳлар билан чоп эттирди. Таржимонлар Обидхон Икромов ва Толибжон Қодиров.

Тажвид илми бобида жуда кўп асарлар ёзиб қолдирилган бўлиб, улар орасида Имом Жазарийнинг ушбу рисоласи диққатга сазовордир. Мусанниф ва у зотнинг мазкур асари бизнинг диёрларда қироат илми ривожига, бу борада ўзига хос мактаб ва анъаналар шаклланишига бевосита ҳисса қўшгани билан ҳам биз учун ғоят ардоқли ва эътиборлидир.

У қироат илмига­ доир бошқа китоблар­дан бир неча жи­ҳат­лари билан ажралиб туради. Жумладан, унда араб ҳарфлари таснифи ва араб бўлмаган халқлар учун айрим қийин сўзларга алоҳида урғу берилган.

Рисола тажвид илмига оид энг мўътабар манбалардандир. Асрлар давомида толиби илмлар ўртасида шуҳрат қозонган бу асар ҳали-ҳамон ўз қадрини йўқотмаган. Рисоланинг асл номи “Манзума ал-муқаддима фиймо яжибу ала қориъил Қуръани ан яъламаҳ” бўлиб, “Ал-муқаддима ал-Жазариййа”, “Матн ал-Жазариййа” номлари билан машҳурдир.  “кашфуз зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа ва бошқа кўп олимлар айтишича, Имом Жазарийнинг (раҳимаҳуллоҳ) ушбу асарига биринчи бўлиб ўғли имом Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Жазарий (ваф. 859 й.) “Ал-ҳавоший ал-муфҳима ли шарҳ муқаддима” номли шарҳ ёзган. Унга мисрлик машҳур олим шайхул ислом закариё Ансорий (ваф. 926 й.) ҳошия битган.