Жума намози тугаши ҳамон саййидул айём билан бир-биримизни қутлашга тушиб кетдик. Худди ноёб нарса топган янглиғ ҳамманинг чеҳрасида мамнунлик, ажиб бир қаноат ҳисси барқ урган. Мен ҳам бу туйғудан мосуво эмасман: “Жума намози – мўминларнинг ҳажи”га яна эришдим. Қарийб йигирма беш йилдан буён ҳар ҳафтада шундай қувончдан масрурман. Ҳар ерда – гоҳ шаҳарда, гоҳ дала ҳовли яқинидаги қутлуғ даргоҳда шу туйғу вужудимни қамраб олади. Аслида ҳам биринчи намозим шу ёқда, чала-чулпа адо этилгани ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Юртимиз мустақил нафас олаётган дастлабки кунлар эди. Таътилдайдим. Қўшни ижодкорлар Эркин Малик билан Шукур Қурбон мендан ҳол сўраб келиб қолишди. Бир оз гурунгдан сўнг Эркин:
– Худога шукр, энди эътиқодимизни жиловлайдиган тўсиқ йўқ, – деди. Хоҳласак, намоз ўқиймиз, рўза тутамиз...
– Ҳа, – дедим хаёлчан овозда. – Буни орзу қилардик.
– Орзуга эришдик, – Эркин кулимсиради. – Хўп, бошлаб юбордингизми?
– Намоз ўқишними? – деб сўрадиму ғалати бўлиб кетдим. Назаримда, улкан бир баландлик рўпарасида унга қандай кўтарилишни билмай, гарангсиб турардим. Улар бош силкишгач: “Жуда хоҳлайман, лекин ҳали тайёр эмасман-да”, дедим.
– Қачон тайёр бўласиз? Истасангиз, бугун мачитда пешин намозини бирга ўқиймиз.
– Э, мен ҳали кўп нарса ёдлашим, ўрганишим зарур...
– Ҳозир менга ўхшаб, ҳаракатларини машқ қилинг, – деб Шукур маслаҳат берди. – Мен кичик сураларни, қандай ўқишу ҳаракатланишларни ёзиб бераман. Ўшанга қараб, кейин ўзингиз машқ қилаверасиз.
Фикр маъқул тушди. Биринчи машқни Шукур иккимиз Эркинга эргашиб адо этдик. Мен ибодатни ўзимни дорбоз арқонида довдираб юргани сингари бажо келтирдим. Бирор ҳафтадан сўнг Шукур ёзиб берган матн­ни биқинга қўйганча, ундан кўз узмай, мустақил намоз ўқишга эришдим.
Ўша вақтларда атроф-теваракда масжидлар кам эди. Мустақиллик дин-эътиқодга кенг йўл очди. Кўплаб масжидлар қад ростлади, ташландиқ ҳолга тушганлари жиддий таъмирланиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Айтиш жоизки, Ватан қиёфасида кескин янгиланиш юз берди. Ҳозирги кунда биргина Хўжакент ва унинг атрофида учта жоме масжид фаолият кўрсатиб турибди. Ёз ойларида бу қутлуғ даргоҳлар дам олувчи намозхонлар билан тўлиб тошади. Ибодат сўнгида, хусусан, жума намозлари охирида шундай кунларга етказган Аллоҳга ҳамду санолар ўқилади, мустақиллик карвонбошисини самимий сўзлар билан хотирлаб, дуо қилинади, Ватаннинг янада гуллаб-яшнаши учун чуқур тилаклар билдирилади...

Муҳаммад САЛОМ,
Бўстонлиқ тумани