Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Муборак Рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтади: "Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтиши­нгиз ва шукр қилишингиз учундир".

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилади: "Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида Қадр кечасида Лав­ҳул маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оятларни муқ­тазои ҳол тақозосига, яъни, турли ҳолатларга мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди".

Демак, муборак Қуръони каримнинг Пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил бўлиши Рамазон ойида бошланган. Шу муборак ой шарофатидан барча муқаддам нозил бўлган илоҳий китоблар ушбу ойда нозил бўлгани ҳикматдан холи эмас.

Рамазон ойи фазилатларидан яна бири "Лайлатул қадр"­нинг шу ойда бўлишидир. "Лайлатул қадр" йилнинг бош­қа ойларидаги кечалардан шарофатли ва улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собитдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: "Албатта, Биз уни (Қуръонни "Лавҳул маҳфуз"дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси).

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсиридан).

"Лайлатул қадр" сўзининг маъноси "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.

Имом Хозин тафсирида қу­йидагиларни ёзган: "Бу оятнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло йил давомида бўлиши лозим бўлган азалий тақдирларни малоикаларга билдириб, уларни ёзишга амр этади. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси ҳам баён қилади: "Ҳо, Мим. Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. Унда (муборак кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур. (У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз" (Духон, 1-5).

Бу оятдаги "муборак кеча"дан мурод Қадр кечаси бўлиб, унинг фазилати нақадар буюк эканига далолат қилади. Бу кечанинг улуғлигига яна:

(кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", ояти каримаси ишора қиладики, бу муборак кечада Аллоҳнинг фаришталари ва Жаброил (алайҳиссалом) Парвардигорнинг изни билан ер юзига тушадилар. Улар Аллоҳнинг дўстларига, барча аҳли тоат мўминларга тонг отгунга қадар салом берадилар.

Лайлатул қадрни Рамазон ойининг қайси кунларида кутиш ҳақида жаноби Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор ҳадисларни Имом Бухорий (розияллоҳу анҳу) ўз "Саҳиҳ"ларида ривоят қилганлар.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қанча саҳобалари Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Сизларнинг тушларингиз Лайлатул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!", дедилар".

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар", – дедилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким Лайлатул қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур", дедилар.

Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазони шариф раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонлик ойи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, унинг ҳар бир кун ва соатларини ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган ушбу ҳадиснинг маъно ва мазмуни бунга ёрқин далилдир. Унда бундай дейилган: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Лайлатул қадр қайси куни бўлишини хабар қилиш учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: "Мен сизларга Лайлатул қадр бўладиган кунни айтмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди. Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки йигирма бешинчи кунларида кутинглар!", дедилар.

Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторлик бериш каби солиҳ амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлади.

Бу ҳақда Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай ҳадисни ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар".

Рамазон ойи кечаларида жамоат билан ўқилган таровеҳ намозлари фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар нақл этилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазон кечасининг фазилатига ишониб ва савобидан умид қилиб (таровеҳ ўқишга) турган кишининг илгари қилган барча гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар.

Ибн Шиҳоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса бундай де­йилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилгунларича ҳам, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) халифалик даврларида ҳам, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифалик қилган дас­т­лабки йилларда ҳам кечаси туриб таровеҳ ўқиш тартиби ўзгармади".

Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатми Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини сўраб дуолар қиламиз.