Баракотли, фазилатли Рамазон ойи юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Рўза тутишнинг киши учун кўп фойдалари бор. Аввало, рўза тутиш билан Аллоҳ тао­лонинг розилиги топилади. Рўзадор очлик машаққатини жисмида ҳис этади. Натижада, унинг қалбида фақир, мискин ва муҳтож кишиларга нисбатан раҳм-шафқат туйғуси уйғонади. Бу эса, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари боғланишига омил бўлади.

Имом Ғаззолий рўзанинг фазилати тўғрисида шундай ёзади: "Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшиликка чорловдир. Рўза инсон учун гуноҳлардан тийилиш, жамият учун ёмонликлардан сақланишдир. Оч баданда қалб бир меъёрда ишлайди, ақл тиниқлашади, кўз равшан тортади. Тўқлик эса дангасалик туғдиради, қалб қўрини ўчиради, зеҳнни ўтмаслаштиради. Кам уйқу ва оз овқат билан қалбларингизга ҳаёт бахш этинг. Шунда қалб­ларингиз мусаффо бўлади ва тетиклашади".

Барча улуғларимиз Рамазон ойида аввалгидан-да сахий, ҳар қачонгидан ҳам меҳрибон ва олижаноброқ бўлганлари маълум. Бу муборак ойда, айниқса, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саховатлари янада зиёда бўлган. Демак, Рамазон ойи­нинг моҳиятида инсонийлик, эзгулик, маънавий поклик фазилатлари мужассам. Бу ой меҳр-оқибат, мурувват ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мус­таҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарам Юртбошимизнинг шу йил 17 июль куни эълон қилинган "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорларида айнан ана шу фазилатларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Юртимизда бу фазилатли ой билан боғлиқ тадбирлар кўтаринки руҳда ва ҳамжиҳатлик билан ўтказилмоқда. Жойлардаги "Меҳрибонлик", "Мурувват", "Саховат" уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кун тартибига қўйилган долзарб вазифага айланди.

31 июль куни Тошкент шаҳридаги 1-сон "Мурувват" ногирон болалар уйига Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюриб, бу масканда тарбияланаётган 305 нафар болаларга Рамазон совғаларини топширдилар. Қалблари хурсандчиликка тўлган болалар ўзларининг миннатдорчиликларини изҳор этиб, шеърлар ўқиб беришди. Тадбир якунида муфтий ҳазратлари бу ерда хизмат қилаётган ходимлар ва меҳр­га муҳтож болалар ҳаққига дуо қилдилар. Шунингдек, Тошкентдаги 2-сон "Мурувват" ногирон болалар уйи­нинг 362 нафар тарбияланувчисига, 24-сон "Меҳрибонлик" болалар уйидаги 103 нафар болаларга ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатидаги 127 нафар кишиларга Рамазон ойи совғалари улашилди.

Маълумки, Рамазон ойи кишилар учун савоб амалларини йиғиб олиш учун берилган катта имконият. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мар­ҳамат қиладилар: "Ким хайру саховат қилиб, кийимга муҳтож одамни кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир кишини тўйдирса, жаннат таомларидан насибадор бўлади".

Муборак рамазон ойининг фазилатли онларида Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси ва унинг жойлардаги жоме масжидлари томонидан ёр­дамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга беғараз кўмак бериш каби хайрли ишлар амалга оширилишига ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият берилди.

 

 

Муҳаммадназар БОБОБЕК ўғли