Яқин ўтмишимиз, яъни XX аср охирларида юз берган буюк ўзгаришлар халқимизнинг маънавий ҳаётида ҳам унутилмас воқеаларни юзага келтирди. Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг ўзбек тилига таржима қилиниши ана шу воқеалар сирасига киради. Мустабид тузум ҳукмронлик қилиб турган бир даврда жиддий қаршилик ва тўсиқларга қарамай Қуръони каримнинг илк бор ўзбек тилидаги таржимаси "Шарқ юлдузи" журналида чоп этила бошланди. Бу билан қақраб ётган ерга оби ҳаёт бағишлангандек бўлди. Ёпиб ташланган тубсиз булоқнинг кўзи очилиб, чашмадан сув мавжланиб оқа бошлади гўё.

Мустақилликка эришганимиздан кейин мамлакатимизда бебаҳо адабий меросимизни ўрганиш ва ундан халқимизни баҳраманд қилишдек хайрли ишларга катта эътибор берилди. Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима ва тафсир қилиш анъанаси давом эттирилди. Юртимиз уламоларидан Абдулазиз Мансурнинг "Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири" Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ва Тошкент Ислом университети Илмий кенгаши қарорига биноан нашрга тавсия этилгач, бир неча бор кўп минг нусхада чоп этилди.

Бу тафсир ҳанафий мазҳабига мувофиқ тайёрланган бўлиб, бошқа мазҳаблар қиёсий таҳлили ҳам илова килинган. Оятлар мазму-нини имкони борича сўзма-сўз ифода этиш-га ҳаракат қилинган. Изоҳ талаб оятларга са-ҳифалар остида шарҳлар берилган. Айниқса, араб тилидаги қадим тафсирлардан иқтибос олинган жойларда манбаларнинг қисқартма шаклида ёзиб қўйилгани исломшунос олим-лар учун жуда қулайдир. Фойдаланилган ман-баларнинг мўътабар ва мўътамад экани ҳам аҳли илмлар наздида асарнинг пухта тасниф этилганидан дарак беради.

Мазкур мавзуга яна қайтиб, қуйида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир ҲОШИМОВнинг муқаддас Қуръони каримнинг ўзбек тилида илк бор нашр этилишига оид мақоласини эълон қиламиз.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари юртимиз учун оғир синов дамлари бўлди. Собиқ шўролар мамлакатида "ошкоралик", "қайта қуриш" деган жараёнлар бошланиб, сўз эркинлиги бир қадар юз кўрсатгандек бўлса-да, мустабид тузумнинг ҳали қўли узун, қиличи кескир эди. Айниқса, ўзбекхалқини бадном қилувчи "пахта иши", "ўзбек иши" деган қатағон ҳўлу қуруқни баравар ёндирди. Олисдаги марказдан келган гдлянчилар ўзларига берилган "чекланмаган ҳуқуқ" дан тўлиқ фойдаланиб, минглаб оилаларни бахтиқаро қилди.

Ана шундай таҳликали бир даврда Аллоҳ каломининг таржимаси тарихда биринчи марта ўзбек тилида "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилди. Таржиманинг дастлабки қисми эълон қилиниши биланоқ турли эътирозлар бошланиб кетди.

... Шундай қилиб, бу хайрли юмушга 1989 йилда киришилди.

Бу масала Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинди. Бироқ гап айланса калтакнинг каттаси журнал таҳририяти бошида синиши аниқ эди. Шу боисдан, аввало Қуръони каримни, араб тилини, дин тарихини биладиган, қолаверса керак пайтда журнални қатъий ҳимоя қилишга қодир мутахассис ва ижодкорлардан иборат махсус таҳрир ҳайъати тузилди.

Бу ниҳоятда мураккаб, масъулиятли ва биринчи бор амалга оширилаётган вазифа бўлгани боис, ҳар бир сўз, ҳар бир ибора устида синчиклаб иш олиб боришга тўғри келди.

Ниҳоят, 1990 йилнинг март ойида Қуръони каримнинг дастлабки суралари "Шарқ Юлдузи"нинг 3-сонида босилиб чиқди. Адашмасам, ўша пайтда журнал адади 170 минг нусха эди. Журнал тезда тарқалиб кетди ва кетидан "ғалвалар" бошланди. Адабий журналда диний манбанинг босилиши айримларнинг ғашини келтириши аниқ эди.

Шўро сиёсатини тарғиб қилиши керак бўлган нашр дин-ни тарғиб қилса! Албатта, бун- дай эътирозлар ҳали журнал чиқмасданоқ бошланганди.

Бироқ асосий "зарба" бошқа ёкдан келди. Қуръони каримнинг таржима қилиниб, журналда босилишига олимлар, академиклар қарши чиқдилар. Албатта, ҳаммаси эмас, бир гуруҳ ўта "билимдонлари"!

Бош муҳаррир сифатида мени Марказкомга чақиришди. Афсуски, ўша дамда махсус таҳрир ҳайъати аъзолари бўлмиш олимларни топишнинг иложи бўлмади. Юқори ташкилотга бир дақиқа кечикиб бориш ҳам мумкин эмас. Яхшиям, бахтимизга атоқли адабиётшунос ва тилшунос, араб тилини мукаммал биладиган олим Алибек Рустамов бор экан! Журнал масъул котиби, олим билан учовлашиб, айтилган жойга бордик.

Марказкомнинг масъул ходими бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Муомаласидан у кишининг журналга хайрихоҳ экани сезилиб турарди. Кўнглимиз анча равшан тортди. Мен кам деганда ўн нафардан ортиқ киши келган бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, улар номидан бир олим расман вакил бўлиб келган экан. Муҳтарам олимнинг талаби кескин ва қатъий эди. Нашрни тўхтатиш керак!

Ўша баҳсда ҳар жиҳатдан мантиқли, кескир мулоҳазалар билан "рақибини" мот қилган Алибек Рустамовдан ҳамон миннатдорман! (Дарвоқе, Алибек ака орадан кўп ўтмай Мустақиллик шарофати билан академик унвонига сазовор бўл­ди).

Масала жиддий бўлгани учунми, ўша суҳбатни деярли сўзма-сўз эслаб қолганман.

– Қуръон таржимаси билан "Шарқ юлдузи" шуғулланиши шартми? – деб сўради муҳтарам олим.

– Бўлмаса ким шуғуллансин?

– Ўзбекистон ССР Фанлар академияси бор. Бунақа жиддий ишлар академияда қилинади, сизлар шеър босинг, ҳикоя босинг.

- Марҳамат, академия ҳам шуғулланаверсин.

- Академия шуғулланса, Қуръон таржимаси ўн йилда ҳам чиқмайди – деди Алибек Рустамов ишонч билан. – Буни мен яхши биламан.

Олим бошқа важ топди:

– Қуръонни таржима қилиш мумкин эмас. У фақат араб тилида ўқилиши керак!

– Китоб инглиз, француз, немис, испан, рус тилларига аллақачон таржима қилинган-ку!

– Улар христиан мамлакатлари!

– Туркия, Покистон, Афғонистонда миллий тилларда нашр этилгани-чи? Уйғур тилига таржима қилингани-чи? Улар ҳам нас­ронийми?

Муҳтарам олим бу сафар ҳам бўш келмадилар.

-Тўғри, бу тилларда ҳам тар-жимаси чиққан. Аммо яхлит китоб бўлиб чиққан. Қуръонни майдалаб босиш мумкин эмас!

– "Ҳафтияк" нима? Қуръони каримнинг еттидан бири эмас-ми? Эски мактабларда "Ҳафтияк" ўқитилган-ку!

– "Ҳафтияк" – китоб. Журнал эса вақтли нашр. Қуръонни журналда босиб бўлмайди.

– Нега ахир?

– Чунки Қуръон муқаддас китоб. Журналингизни би­ров йиртиб номақбул жойда ишлатса...

Буниси эн­ди мантиқ­қа сиғмайдиган гап.

– Ҳой, баракатопгур! Қандайдир бефаҳм нон бурдасини ахлат қутисига ташлашидан қўрқиб, новвой нон ёпмай қўйиши керакми энди? Бизнинг одамлар орасида бунақа бетавфиқлар йўқ!

– Бўлса-чи?

Алибек аканинг кўзлари чақнаб кетди.

– Ҳой, мулла! - деди овози жаранглаб. – Сизнинг соҳангизнинг Қуръонга нима алоқаси бор? Дин тарихини биласизми ўзи? Мен араб мамлакатларида ишлаганман! Ҳамма газеталарда, ҳар куни Қуръон сураларидан парчалар босилади! Китобни давомли қилиб босиш мумкин эмас деган гап – абсурд! Мантиқ йўқ! Ундан кўра нима учун журнал академиядан сўрамай бу ишни бошлади деб қўяқолмайсизми? Билиб қўйинг, нимани босишни журнал таҳририяти ҳал қилади! Академия шу ишга жазм этган экан, марҳамат, ўзи ҳам нашр қилаверсин!

Муҳтарам олим фикридан қайтмади:

– Барибир, журнални тўхтатиш керак!

– Қўлингиздан келса, тўхтатинг! Аммо билиб қўйинг, обуначилар нашр нега тўхтаб қолди, деса, "мен шуни хоҳладим", деб жавобни сиз берасиз! Қолаверса, 170 мингта журнал тарқалиб бўлди. Бу –170 минг сўм деган сўз. Кейинги сони ҳам тайёрлаб қўйилди. Унга ҳам шунча маблағ кетган. Ҳаммасини тўлайсиз!

(У пайтда бу жуда катта пул эди).

– Буниси ўз йўлига, – деди Алибек ака. – Учаламиз телевидениеда чиқиш қиламиз. Сиз наш­рни тўхтатиш кераклигини исботлайсиз, биз эса тўхтатиш мумкин эмаслигини! Қани, одамлар кимни маъқулларкин? Муҳтарам олим ўз фикридан қайтмади. Марказком ходими индамай, кулимсираб ўтирарди. Билдимки, у киши ким ҳақ эканини билиб турибди. Бироқ вақтида ҳаракат қилинмаса, майда гаплар газак олиб кетиши, ишни тўхтатишга қодир кучлар ишга киришиши мумкин эди.

Бахтимизга ҳал қилувчи суҳбат мамлакат раҳбари Ислом Каримов ҳузурида бўлди. (Бу пайтда Ислом Каримов Марказкомнинг биринчи котиби эди.) У киши нашр атрофида бўлаётган тортишувлар ҳақидаги гапни диққат билан эшитиб, бу хайрли ишни тўхтатмаслик, нашрни давом эттириш тўғрисида қатъий топшириқ берди.

Шундан сўнг Муқаддас Китоб тарихда биринчи марта ўзбек тилида чоп этилди.

Албатта, бу биринчи тажриба бўлгани учун айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Бироқ Истиқлол шарофати билан минглаб, юз минглаб одамлар имон сари юз тутишида ўша нашрнинг ҳам бир қадар ҳиссаси борлигига шукрона қиламиз.