Шоир, тариқат шайхи, йирик фақиҳ, шариат илмларининг билимдони Сўфи Оллоҳёр асарлари динимиз ва адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллаган. Улкан ижодкорнинг “Саботул ожизин”, “Маслакул муттақин”, “Муродул орифин” каби китобларини форсий ва туркий тилда сўзлашувчи мусулмонлар эъзозлаб, ўқишади. Яқинда “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Сўфи Оллоҳёрнинг ана шу асарларидан бири “Маслакул муттақин”ни чоп этди.

Китобни нашрга тайёрловчилар асар ёзилиши сабабларига тўхталиб, бундай дейишади: “Бизнинг назаримизда, бу китобнинг ёзилиш сабабларидан яна бири Сўфи Оллоҳёр яшаган даврларга келиб, одамларда диндорлик, тақвонинг бир қадар сусайиши, натижада ахлоқсизликнинг кучайиши (бемеҳрлик, шаробхўрлик, зинокорлик, фаҳш, зулм ва зўравонликнинг кенг авж олиши) бўлган”.

Форс тилида, назмий услубда ёзилган асарни туркий тилга “Ҳидоятул муттақин” деган ном билан Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли насрий таржима қилган. Китоб Аллоҳ таолога ҳамд ва Муҳаммад Пайғамбаримизга наът билан бошланади. Ундан кейин муножот, тавҳид ва Аллоҳ таолонинг сифати, Ҳақ таоло дийдорини кўриш, имон келтириш, чорёрлар мадҳи, мусаннифнинг фарзандига насиҳати, мусулмончиликнинг беш шарти каби мавзулар атрофида мулоҳаза юритилади.

Муаллифнинг олам ва одам, Ислом тарихига доир фикрлари, замон ва жамиятга муносабати ҳамд қисмида теран ифодаланган.

Ҳар бир ота ўзи қилган хатоларини фарзанди такрорламаслигини, болаларининг етук инсон бўлишини орзу қилади. Китобнинг “Фарзанди аржумандга насиҳат” бўлимида меҳрибон ота ўғлини икки дунё саодатига бошлайдиган амаллар қилишга чақиради. “Отанг умрини жоҳилликда ўтказди. Сен эса енгил-елпи яшаш ва ишлашга ўрганма. Мен пасткаш дунёга мағрур бўлдим. Сен эса (унга қўл силташ учун) пухталикка ўрган-у, хом бўлма”, дея ёшлик билан ғурурланмай, вақтни фойдали ишларга сарфлашга, тақводорликка, тўғри йўлни тутиб, ҳамиша ҳалол меҳнат қилишга, тамадан, мансабпарастлик ва мол дунёга ўчликдан, дангасаликдан йироқ бўлишга даъват этади. “Муножот”, “Мусанниф камчиликларининг баёни” боблари муаллиф дил дардлари баёни экани билан аҳамиятли. Мазкур бобларда аллома ожизлигини изҳор қилиб, Аллоҳ таолодан гуноҳларини мағфират қилишини сўрайди, кишиларни яхшиликка ундайди.

Мадрасаларда илгаридан махсус дарслик сифатида ўқитиб келинган “Маслакул муттақин” бугун ҳам илм толибларига фиқҳ, ақида ва одоб-ахлоқ бўйича муҳим қўлланмадир.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи