Алишер Навоий асарларида нутқ одобига оид бир қанча фикрлар, ҳаётий хулосалар баён қилинган. Хусусан, "Маҳбубул қулуб", яъни "Кўнгилларнинг севгани" асарида тил, яхши сўз, ёмон муомала, ёлғон гапирувчи, эзма, чақимчилар ҳақида сўз боради. Улуғ мутафаккир яхши сўз ваҳшийларни ҳам мулойим қилиб қўйиши, илонни инидан чиқариши мумкинлигини шундай ифодалайди: "Мулойим такаллум ваҳшийларни улфат сари бошқарур, фусунгар афсун билан йилонни тушукдан чиқарур". Яхши сўз ҳар қандай ёмон хулқли одамни инсофга чақириши, битмаган ишни битириши мумкин.

Алишер Навоий ёмон сўз ҳаётда салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида шундай дейди: "Ёмон сўз андоққим, эл кўнглига жароҳат еткурур, ўз бошиға офат келтирур". "Ҳар кимки, сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғач уёлғон". "Ёлғончи Тангри олдида ёмон банда, нафақат Тангри, балки халқ олдида шарманда".

Алишер Навоий ёлғонни гуноҳи кабира, яъни катта гуноҳ деб санайди. Ёлғоннинг катта-кичиги бўлмайди. Озгина ёлғон ҳам заҳри муҳлик – ўлдирувчи заҳардир. Шоир бу фикрни назмда шундай ифодалайди:

Заҳрнинг оз эса

                        миқдори муҳликдур,

Игнанинг нўги заиф

                        эрса доғи кўр қилур.

 

Яъни:

 

Озгина заҳар ҳам кишини ҳалок қилади,

Игнанинг учи ингичка бўлса ҳам кишини кўр қилади.

 

Дунёдаги энг ёмон одат – чақимчилик. Унинг заҳрини торт­ган шоир "Маҳбубул-қулуб"да шундай ёзади: "Улки, сўзни бир ердин яна бир ерга еткургай, элнинг ўтган гуноҳини ўз бўйниға индургай", яъни чақимчи ўз бўйниға гуноҳ орттиради.

Шоир чақимчини "сўз тергувчи" деб атайди. Гап ташувчилар бир одамнинг озгина гапини бўрттириб, қўшиб-чатиб, иккинчи одамга етказадилар. Бу билан улар орасида низо чиқарадилар. Жамоада носоғлом муҳит яратадилар. Алишер Навоий наздида сўз ташувчининг каттаси ҳам кичиги ҳам дўзах ўтида ёнади: "Сўз тергувчининг агар улуғи, агар кичиги, билки, эрурлар тамуғ ўтининг тутруғи". Шоир чақимчи ҳақида ушбу байтни келтиради:

 

Ким сўзни териб

             айтгувчи оғзига бергай,

Молик ани дўзах

             ўтининг дудиға тергай.

 

Яъни:

 

Ким чақимчига сўз етказса,

У дўзах ўтида ёнади.

 

Кўп гапириб, одамларнинг вақтини оладиган, асабига тегадиган эзмалар ҳам шоир назаридан четда қолмаган. "Ҳарзагуйким, кўб такаллум сургай, иттекдурким кеча тонг отгунча ҳургай".

Алишер Навоий ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб, бу беш кунлик дунёда одамларга фақат яхшилик қилиб яшашга чақиради. Унинг бу хулосалари ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

 

Эргаш УМАРОВ