Вақт шиддатли кечади. Ўтаётган ҳар лаҳза эса умрнинг муайян бўлагидир. Шу боис тафаккур юритувчи одам умрнинг ҳар онини ғанимат билади, уни яралмишларнинг афзали деган номга муносиб ўтказишга интилади. Йўқотилган мол-дунёнинг ўрни қопланиши мумкин. Бироқ бой берилган вақтни зинҳор ортга қайтариб бўлмайди. Миллий маънавиятимиз қуёши – ҳазрат Алишер Навоийнинг бу борадаги ҳикматлари, айниқса, қимматлидир.

“Ҳайратул аброр” достонининг ўн саккизинчи мақолатида “ҳар нафаским, ҳаёт гулшанидин насим дурур, қадрин билмак” зарурлиги бетакрор поэтик ифодасини топган. Мана, улуғ бобокалонимиз қандай насиҳат қилганлар:

Ҳар нафасинг жавҳаре эрур нафис

Ким, санга ул бир нафас эрур анис.

Жавҳар – бу ўринда “бебаҳо” маъносида. Шунинг ўзиёқ нафаснинг жавҳарга ташбеҳ этилишида қанчалик фасоҳат ва балоғат борлигидан далолат беради. Анис – “дўст” дегани. Демак, нафас – инсоннинг яқин дўсти. Уни қадрламоқ эса бурчдир. Улуғ бобокалонимиз айтганидек, ҳар бир нафасда икки неъмат бор:

Кирмаги бир неъмат эрур муғтанам,

Уйлаки кирмаклиги чиқмоғи ҳам.

Бири эрур қути ҳаётинг сенинг,

Яна бири қуввати зотинг сенинг.

Миллати, ирқи, жамиятда эгаллаган мавқеидан қатъи назар, Одам болаларининг ҳоли олинаётган биргина нафас билан боғлиқ. Жисмонан қанчалик чиниққан-чиниқмаган, йиққан мол-дунёси нечоғли кўп ё камлигига қарамай, одамзоднинг борлигини ана шу биргина нафас белгилайди. Шу боис нафаснинг вужудга кириши – ғанимат билиш зарур бўлган улуғ неъмат эса, худди шу нафаснинг қайтиб чиқмоғи ҳам аҳамияти жиҳатидан ундан кам эмас. Улуғ Навоий таъбири билан айтилса, бири – қути ҳаёт, яна бири эса – қуввати зот.

Бу ики неъматки намудордур,

Ҳар бирига шукр ери бордур.

Демак, ҳар бир нафасимизда икки неъмат бор: ўша нафаснинг олиниши ва қайтиб чиқиши.

Маълумки, шукр шу лафзни такрорлашдангина иборат эмас. Неъматнинг аҳамиятини ­англаш – шукр. Уни қадрлаш – шукр. Ҳақини адо қилиш – шукр. Нафаснинг шукри уни ғанимат билиш, беҳуда ўтказмаслик билан адо этилади. Бунинг муҳим шарти эса ҳар бир нафасдан огоҳликдир. Ҳазрат Навоийнинг мана бу ўгитлари шу ҳақда:

Жон била сен то нафас имкони бор,

Қадрини билгилки, нафасча не бор.

Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,

Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.

Масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳазрат Навоий бу фикрларни назарий қарашлар сифатида баён қилибгина қолмай, ҳаётда ҳам шунга амал қилганлар.

Олимлар “инсон” ва “нисйон” (“унутувчи”) сўзларининг ўзаро алоқадор эканини айтадилар. Дарҳақиқат, Одам болаларининг табиати унутишга мойил. Инсон ботиндан кўра зоҳирга кўпроқ эътибор беради. Ўз моҳияти ҳақида тафаккур қилиш борасида ундан кўра ялқовроғи йўқ. Нима учун яратилгани, зиммасида қандай масъулияти борлиги хусусида кўп ҳам ўйлайвермайди. Хўш, у ҳар нафаси ҳолидан ғафлатда қолса нима бўлади? Ҳазрат Навоий ижодининг хос хусусиятларидан бири шундаки, у зотнинг асар­ларида мавзу муфассал тадқиқ қилинади, нуктадонлик билан таҳқиқ этилади. Бунда теран мазмун ва гўзал бадиият ҳайратланарли даражада уйғунлашади:

Ғафлат агар бўлса бу ишдин даме

Kим, йўқ анингдек кишига мотаме.

Дунёда нима ёмон – ғофиллик ёмон. Бундан ҳам ёмони, инсоннинг огоҳликдан кўра ғафлатга мойилроқ эканидир. Ўзининг ғафлатда қолганини англаш ҳам саодатдир. Ғофил бўлса-ю, ғафлатда эканини ҳам ҳис этмаса, кишига ундан оғир мотам йўқ, деган хулосага келади улуғ бобомиз.

Ўзни қилиб ғофилу ошуфтаҳол,

Ҳар негаким, айлагайсен иштиғол,

Гарчи анга манфаати бўлмасун,

Жаҳд этким, маъсияти бўлмасун.

Ғофил тирикчилик илинжида ўзини ҳар томонга урар экан, охирини ўйламайди. Фикр юритиш унга бегона. Табиий, ғафлат комидаги кимса гуноҳ-савобни фарқламайди. Шу боис у Яратган олдидаги масъулиятини унутгани каби, яралмишлар ҳақига ҳам бемалол хиёнат қилавериши мумкин. Ҳазрат Навоий ғафлат аҳли ҳар негаки иштиғол айлар экан, жамиятга, халққа манфаат етказмагани майли, лекин “жаҳд этиб” маъсиятдан узоқ бўлсин, дейди.

Яхшилик ар айламасанг иш чоғи,

Айламагил бори ёмонлиқ доғи.

Аввало, элга яхшилик қил. Агар бу қўлингдан келмаса, ёмонлик қилишдан сақлан, бу ҳам бир яхшиликдир. Мана, донишманд бобокалонимиз ўгити. Бу насиҳатларга амал қилиш инсонни қусурлардан поклайди. Унинг иллатлардан парҳез қилишига, эзгуликни ҳаётий аъмол билиб яшашига сабаб бўлади. Ҳар бир нафас ҳолидан огоҳ бўлиш малакасини тарбиялайди.

Ҳазрат Навоий таъбирича, вақтни чин маънода қадрлаши учун инсон ўтмишу келажак ҳақидаги хомхаёллардан узоқ бўлиши керак. Беҳуда орзу-ҳавасларга берилавермаслиги лозим. “Ўтган рўзгор адамдур. Келмагандин сўз айтқон аҳли надамдур ва ҳол муғтанамдур”, дейишлари сабаби шунда. Яъни, ўтган воқелик энди йўқ. Ундан фақат ибрат олиш мумкин, холос. Ҳали келиб улгурмаган ҳодиса ҳақида сўзлаш эса кишининг надо матда қолишига сабаб бўлади. Айни яшаётган он эса ғаниматдир:

Мозию мустақбал аҳволин

                              такаллум айла кам,

Не учунким, дам бу дамдур, дам

                              бу дамдур, дам бу дам.

Ўзи яшаётган ҳар бир лаҳзани қадрлаш, уни маънавий камолотга эришмоқ учун берилган имкон деб билиш одамзод умрига зийнат бағишлайди. Уни комилликка чорлайди. Ана шундай киши­лари кўп бўлган жамият, шубҳасиз, равнақ топади. Зеро, ҳазрат Навоий асарлари инсонни комил, жамиятни мукаммал кўриш орзуси бетакрор бадиий талқин этилгани билан ҳам барча замонлар учун бирдай аҳамиятлидир.

 

Нурбой АБДУЛҲАКИМ,

профессор