Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Ус­монхон Алимовнинг “Мовароуннаҳр” нашриётида тайёрланган “Илмнинг фазилати” номли китобини ўқиб чиққач, бу асар одамларни илм олишга чорлашда муҳим нашр эканига амин бўлдим.

Китоб халқона, содда тилда ёзилган, осон тушунилади. Фикрлар теранлиги ёшу қари бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай ўқувчининг эътиборини тортади. Китобда муаллиф илмнинг фазилати, унинг инсон ҳаётида муҳим ўринга эгалигини “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” ояти каримаси, шунингдек, Пайғамбаримизнинг : “Олим Аллоҳнинг ер юзидаги ишончли бандасидир” ҳадислари билан далиллайди.

Китобни ўқиш жараёнида илмнинг комил инсон тарбиясидаги ўрни, унинг фазилатлари, қолаверса, жамият равнақидаги аҳамияти хусусида улуғ мутафаккирларнинг ёрқин ўгитлари билан ҳам танишамиз.

Бир куни Фатҳ Мусалий суҳбатдошларидан: “Касалга сув, овқат берилмаса, ўладими?” деб сўради. Атрофдагилар “Ҳа, ўлади”, деб жавоб беришди. Шунда Фатҳ: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади”, деди. Бинобарин, инсоннинг тирик­лик манбаи таом бўлгани каби, қалбнинг тирик­лиги илм, маърифат билан. Зеро, инсон қалби илму маърифат билан узлуксиз равишда озиқлантириб турилмаса, у қаттиқлашади. Қалби қаттиқ инсон зулмга, ёмонликларга, муомалада шафқатсизликка мойил бўлади.

Китобда аждодларнинг иб­ратли ҳаёт йўллари билан бирга, муаллифнинг бошдан кечирган ёки бевосита гувоҳи бўлган воқеа-ҳодисалар ҳам гўзал усулда баён қилинган. Шу билан бирга, қадим Самарқанддан етишиб чиққан улуғ сиймолар, алломаларнинг ҳаёти, қолдирган мерослари юртимиз истиқлолга эришганидан кейин бу ерда амалга оширилган хайрли ишларга ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Айниқса, улуғларимиз зиёратгоҳларини ободонлаштириш, бу ишларда фидойилик кўрсатган инсонлар ҳақида махсус тўхталиб ўтилган. Истиқлол йилларида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва бошқа қадамжолар буткул ўзгача қиёфа касб этди. Истиқ­лол давридаги катта ижобий ўзгаришлар қадрига етишимизда тарихдан сабоқ олиб, келажак сари илдам интилишимизда, айниқса, улуғ аждодларнинг муносиб ворислари сифатида фойдали илмларни эгаллашимизда бундай китоблар биз ёшларга катта ёрдам беради.

 

Ҳожимуқон ИНОЯТОВ,

Пайариқ тумани