Аллоҳ таоло Нуҳнинг зурриётларига барака ато этгач, улар ер юзига тарқалишди. Уларнинг орасида “Од” деб аталувчи қавм бўлиб, эркаклари кучли ва забардаст эди. Жангда ҳар қандай кишини мағлуб эта олишар, ҳеч кимдан қўрқишмас, бошқалар улардан қўрқишарди. Аллоҳ Од қавмига барча неъматини баракали қилиб берди. Уларнинг водий тўла қўйлари, туя-отлари, катта-катта боғлари ва узумзорлари бўлиб, серфарзанд, сердавлат эди. Афсус, бу қавм Аллоҳнинг неъматларига шукр қилмади. Ота-боболаридан эшитган, ҳали ер юзидан  асари кетмаган тўфон қиссасини унутишди. Нуҳ  давридагидек санамларга ибодат қилишга ўтишди. Тошлардан бут ясаб, сиғинадиган, уларга атаб қурбонликлар сўядиган бўлишди. Улар дунё учун ақлли, динда эса нодон кишилар эди.

Однинг куч-қуввати ўзига ҳам, бошқаларга ҳам бало бўлди. Чунки улар Аллоҳга ва охиратга имон келтирмадилар. Уларни зулмдан ва ёвузликдан тўхтата оладиган куч йўқ эди гўё. Ахир уларни ҳеч ким енголмасди. Ҳисоб-китоб кунига ишонмаган сабаб зулм ва залолатга берилишди. Улар ўрмон ваҳшийларига ўхшарди: каттаси кичикни, кучлиси заифни ер тишлатарди. Агар ғазабга минсалар, қутурган филдек йўлларида учраган ҳар қандай нарсани янчиб ташлардилар. Уруш пайтида тирик жонни битта қўймай қирар, қишлоқлар ва экинзонларни харобага айлантирардилар.

Од қавми фақат еб-ичиш, ўйин-кулги билан машғул бўларди. Улар катта-катта қасрлар, кенг уйлар қуриш билан мусобақалашарди. Бирор бўш ерни кўриб қолгудек бўлсалар унга албатта баланд қаср қуриб олардилар. Уйларини унда абадий яшайдигандек, ҳеч ўлмайдигандай ҳашаматли қилиб қурардилар. Одамлар ичишга, ейишга ва кийишга нарса тополмаган бир вақтда Од қавми тинимсиз харж ва исроф билан шуғулланар, камбағаллари яшашга уй-жой тополмаган бир пайтда бойларининг уйида яшашга одам топилмасди.

Албатта, Аллоҳ таоло куфр ва бузғунчиликни ёқтирмайди. Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қиладиган, ўзларидан бўлган, улар танийдиган, сўзини тушунадиган кишини элчи қилиб юборишни ирода этди. Ўша элчи Ҳуд  бўлиб, нуфузли оилада туғилди ва яхши тарбия кўриб, вояга етди.

Ҳуд  қавмининг ҳузурига бориб бундай деди: “Эй қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар (сохта илоҳларни) фақат ўзларингиз тўқиб олувчисиз” (Ҳуд, 50). Эй қавмим, қандай қилиб сизларни яратган Зотга эмас, тошларга ибодат қиласизлар?! Ахир Аллоҳ сизларни яратиб, ризқ берди. Молларингизга, болаларингизга, экин ва наслингизга барака улашди. Сизларни Нуҳ қавмига ўринбосар қилиб, жисмингизга қувват ато этди.

Бу неъматнинг ҳақи санамларни тарк этиб, ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилиш эди. Итга суяк ташласангиз, уйингиздан узоқлашмайди, ортингиздан соядек эргашади. Эгасини ташлаб, бошқанинг кетидан кетган бирон-бир итни ёки тошга ибодат қилаётган бирон-бир ҳайвонни кўрганмисиз? Ахир инсон ҳайвондан кўра ақллироқ эмасми?» Қавм Ҳуднинг  сўзларига эътибор бермади. Бу гаплардан юраклари сиқилди, бир-бирларига пичинг қилиб: “Ҳуд ўзи нима деяпти? Нима истайди? Гапига тушунмаяпмиз!” дедилар. Баъзилари бунга жавобан: “Эсипаст ёки жинни бўлиб қолган кўринади”, дедилар.

Ҳуд  уларни бошқа сафар яна яхшиликка чақирганида: «Қавмнинг кофир бўлган зодагонлари айтдилар: “Биз сени нодонликда (эканингни) кўряпмиз. Биз сени ёлғончиларданмикан деб гумон қиляпмиз”. (У) айтди: “Эй қавмим! Менда нодонлик йўқ. Лекин мен оламлар Раббисидан (юборилган) элчидирман. Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказяпман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйдирман”» (Аъроф, 66–68).

Ҳуд  қавмига насиҳат қилишдан тўхтамади: “Эй қавмим, мен сизларнинг кечаги биродарингиз ва дўстингизман-ку! Мени танияпсизларми? Эй қавмим, нима учун мендан қўрқиб қочяпсизлар. “Мен бу (даъватим) учун сизлардан мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир” (Шуаро, 127). Эй қавмим, Аллоҳга имон келтиришдан нега қўрқасиз, Аллоҳга қасам, агар Унга имон келтирсангиз, молингиздан ҳеч бирини йўқотмайсиз. Аксинча, ризқингизга янада барака ато этилади. Эй қавмим, нима учун сўзларимга ҳайрон бўласиз?! Ахир Аллоҳ таоло одамларга бирма-бир сўзламайди. Балки ҳар бир қавмга ўзларидан бўлган сўзловчи ва насиҳат қилувчи кишини юборади. “Сизларни огоҳлантириш учун ўзларингиздан (бўлмиш) бир киши зиммасида сизларга Раббингиздан эслатма келганидан ажабланяпсизми?!..” (Аъроф, 69) ».

Од қавми кибрга берилди. Жаҳолатга ботганидан: “Илоҳларимиз сендан ғазабландилар. Ақлингга касаллик етибди! Балога йўлиқибсан”, дедилар. Ҳуд  уларга бундай жавоб берди: «“Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сизлар ҳам гувоҳ бўлингизки, мен сизлар келтираётган ширкдан безорман” (Ҳуд, 54). Шунингдек, мен сизлардан ҳам қўрқмайман. “Бас, энди ҳаммангиз менга макр қилаверинг, сўнгра менга (уни) кечиктириб ўтирмангиз!” (Ҳуд, 55). Барча нарса Унинг қудрати остидадир. Бирон бир япроқ унинг изнисиз узилмайди».

Бироқ қавм барибир имонга келмади. “Эй Ҳуд, сенинг ҳеч қандай ҳужжатинг йўқ! Янги сўзингни деб эски илоҳларимизни тарк қилмаймиз. Ҳеч қачон, ҳеч қачон! Сен бизнинг санамларимизга имон келтирмас, улардан қўрқмас экансан. Биз ҳам сенинг Илоҳингга имон келтирмаймиз ва азобидан ҳам қўрқмаймиз. Азоб ҳақида кўп гапирдинг, роса эшитдик. Лекин қани у? У қачон келади?!” деб жар солишди. Ҳуд  эса: “...билим, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат аниқ огоҳлантирувчидирман”, (Мулк, 26) деди. Од қавмидагилар: “Биз сен айтган азобни интизорлик билан кутамиз ва уни кўришга ошиқамиз”, дедилар мазах  оҳангида. Ҳуд  уларга келадиган балоларни ўйлаб, қўрқди, эсипастликларидан афсус чекди.

Од қавми ҳар куни ёмғирни интиқ кутар, осмонга термуларди. Лекин унда биронта булут кўринмасди. Уларга ёмғир жуда керак эди. Бир куни ўзлари томон келаётган бир парча булутга кўзлари тушди. Жуда хурсанд бўлишди ва: “Бу ёмғир булути! Бу ёмғир булути!” деб қичқиришди. Ҳуд  келаётган булут азоб эканини тушунди ва уларга: “Бу раҳмат булути эмас. Балки, аламли азобга эга шамолдир”, деб огоҳлантирди.

Ҳуд  айтганидек бўлди. Шамол қутурганидан қутурди. Одамлар бундай шамолни ҳали кўрмаган ва эшитмаган эдилар. Бўрон дарахтларни қўпориб ташлар, уйларни бузар, чорва молларни учириб, узоқ жойларга улоқтириб юборарди. Саҳродаги қумлар қуюнга айланди, дунёни зулмат қоплади. Юраги ёрилаёзган одамлар уйларига кириб, эшикларни занжирлаб беркитдилар. Болалар оналарини, одамлар деворларни қучоқлаб олдилар. Болалар йиғлар, аёллар қичқирар, эркаклар эса дод солиб, ёрдам сўрашарди. Гўё кимдир: “Бугун У раҳм қилганлардан бошқасига Аллоҳнинг амридан сақлаб қолувчи (ҳеч қандай куч) йўқдир” (Ҳуд, 43) деяётгандай эди.

Бўрон етти кеча ва саккиз кун давом этди. Од қавми битта қолмай қирилиб битди. Жуда аянчли манзара бўлди. Ўлик одамларни қушлар еб, хароб уйларга бойўғлилар ин қуриб олди.

Ҳуд ва мўминлар имони туфайли омон қолди. Од қавми куфри ва қайсарлиги сабабидан ҳалок бўлди.

“Уларга ушбу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат етиб турур. Огоҳ бўлинг, албатта, Од (қабиласи) Парвардигорларини инкор этган эдилар. Огоҳ бўлинг, Ҳуднинг қавми – Од (қабиласи)га ҳалокат муқаррардир!” (Ҳуд, 60).

 

Абулҳасан НадавийнингПайғамбарлар қиссалариасосида Юлдуз КОМИЛ тайёрлади.