Абу Довуд ва Термизий Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади:

“Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, тушуниб, бошқаларга эшитганидек етказган кишини Аллоҳ қувонтирсин. Балки эшитиб, етказувчидан кўра ундан эшитган яхшироқ англар”.Бошқа ҳадисда: “Ҳозир бўлганларингиз ҳозир бўлмаганларга етказсин”1, деб, суннатларини саҳобаларга кейинги авлодларга аниқлик билан етказишни васият қилганлар.Саҳобалар ушбу васиятга кўра, омонатни одамларга етказишга жидду жаҳд қилишди.

Саҳобалар Расулуллоҳдан  ҳадис ривоят қилишда фарқли эдилар. Мисол учун, Зубайр, Зайд ибн Арқам, Имрон ибн Ҳусойнлар  кам ривоят қилган бўлсалар, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Саид Худрий, Ойша  кўп ривоят қилишган.

Умуман ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар  даврларида ҳадислар кўп ривоят қилинмаган. Чунки улар бир жиҳатдан мусулмонларни ривоят қилишда эҳтиёт бўлишга чақирган бўлсалар, иккинчи жиҳатдан мусулмонлар эътиборини энг олдин Қуръонга қаратиш йўлини тутишган. Шунинг учун Абу Ҳурайрадан: “Умар даврида ҳам шундай ривоят қилармидингиз?”, деб сўрашганида “Агар Умар даврида сизларга ҳадис ривоят қилганимдек, ривоят қилганимда менга дарра урдирар эди”, деб жавоб берган2.

Икки халифа даври охиригача ҳадислар саҳобалар қалбларида сақланиб қолган бўлса-да, Умар  кўпчилик саҳобаларни Мадинани ташлаб кетишдан қайтаргани учун чекка вилоятларда ҳам, ҳадис ривоятини камайтириб, кўпроқ Қуръонга эътибор қаратишга буюргани учун Мадинанинг ўзида ҳам кенг тарқалмаган эди. Ҳазрат Усмон  халифа бўлганларидан сўнг саҳобаларга чекка вилоятларга кетишга рухсат берилди. Шундан кейин ёш саҳобалар ҳадис эшитиш учун улар яшаб турган жойларга сафар қиладиган бўлишди.

Шу билан ҳадис ривоят қилиш кенгая бош­лади. Расулуллоҳдан  ҳадисларни бе­восита тинглаган саҳобалар энди тобеинлар­нинг диққат марказида бўлиб қолишди. Улар бу дунё­ни тарк этишларидан олдин уч­рашиб, илмларини олиб қолишга тобеинлар бор кучларини йўналтиришди. Ҳатто бир саҳобийнинг бирор шаҳарга келиши мусул­монлар учун байрамдек бўлиб, бутун шаҳар аҳли унинг атрофида тўпланар эди.

Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд  илк мусулмонлардан бўлгани учун, Анас ибн Молик  узоқ муддат Расулуллоҳ  хизматларида бўлгани туфайли, Ойша  у зотнинг уй ичидаги ҳолатларини яхши бил­ганидан, ёш бўлишса-да Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ва кеч мусулмон бўлганига қарамай, Абу Ҳурайра  ҳадисга эътиборлари катта бўлганидан, кўп ҳадис ривоят қилишлари билан машҳур эдилар.

 

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.