Умрнинг қувончли онлари бўлганидек, имтиҳонли дамлари ҳам кўп. Тўғри, инсон бир синовга илк бор дуч келганида қандай йўл тутишни билмаслиги, хато қилиши ҳам мумкин. Лекин тажрибаси ортгани сари уларни тўғрилашга ҳаракат қилади. Тажриба эса ҳар бир воқеа­дан хулоса чиқариш, ибрат олиш билан ортади. Ўтган ишлардан тўғри хулоса чиқара олган инсоннинг кўнгли, ҳаёт тарзи осудаликка юз тута боради. Барчамиз учун манфаатли бўлсин, деб янги рукнда ҳаётий тажрибаларга асосланган мулоҳазаларни ўртоқлашиш ниятидамиз.

Ишдан қайтган эрини кутиб олган хотин "Яхши келдингизми?" деган илтифотига яна "Ҳа" жавобини олди. Бу сафар жаҳлини яшириб ўтирмади: "Айтадиган бошқа гапингиз ҳам борми? Эртадан кечгача уйда ўтираман, зерикаман, сиз бўлса доим..."

Аслида, бу ерда аёлнинг билиши ва тушуниши керак бўлган ҳақиқат шу – ишдан чарчаб келган, остонада турган айрим кишилардан бундан бошқа жавоб олиш мушкул.

…Хотин кун бўйи уй йиғиштирди, кир ювди, дазмол қилди, ойна артди, болаларининг дарсига ёрдамлашди. Жуда чарчади. Дастурхонни йиғиштираётган жойида уйқу элитди. Эрининг сўзларидан кўзлари ярақлаб очилди:

– Худди чарчаб ишлаб келган одамдай ухлайсан. Эрталабдан-кечгача уйда ўтирсанг...

Хотинининг хафа бўлганини кўриб, қўшимча қилди:

– Нимага хафа бўласан? Тўғри-да, кирни машина ювса, уйни чангютгич тозаласа, фақат овқат қиласан, холос. Олдингилар қандай хотинлар бўлган экан, ҳамма ишни қўлда бажаришган.

Бу сўзлардан кейин аёл ғазаб отига минади. Қилган хизматларига оғринади, бош­қаларга таққослангани янаям жаҳлини чиқаради. Ё шу вақтнинг ўзида муносиб жавоб қайтаради, ёки ўрни келганида гапириб олишни кўнглига тугади...

Аммо уйда соғлом, бир-бирини тушунишга асосланган муҳит бўлса-чи? Аёл айтади:

– Бугун фалон, фалон ишларни қилдим, жуда чарчадим...

Эркак ҳам "Нима бўпти? Иссиқ уй, яхши шароит, қиласан-да!" деган гапнинг ўрнига:

– Сенгаям осон эмас. Лекин бунчалик шошишга ҳожат йўқ эди, уйда ҳамма нарса бор. Бир кун битта ишни, эртасига бошқасини қил, шунда бунчалик чарчамайсан, – дейиш билан хотинининг ҳолатини тушуна олишини кўрсатади. Шунда хотиннинг жаҳли чиқмайди, ҳам эри уни тушунишини ҳис қилади. Эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади.

Шунга кўра, кундалик муносабатларда эр-хотин ўз эҳтиёжлари, орзу-умидларини очиқ айта олишлари муҳим. Фақат уларни қандай ифода этишни билиш керак. Масалан: "Сен ҳеч қайси ишни эплолмайсан", де­йиш ўрнига "Иш қилаётганда ўзингни жудаям уринтираётганга ўхшайсан", деса ҳам бўлади.

Ёки уйда ниманидир таъмирлаётган эрга: "Бир иш қилса­нгиз, ҳамма ёқни тенг тўзғитишингиздан зерикдим..." дегандан кўра: "Яхши қилдингиз. Тугатганингиздан кейин биргаликда йиғволамиз", дейиш мумкин. Бу жумлаларнинг бирида айблаш, ҳукм чиқариш, иккинчисида эса муросаи мадорага интилиш бор.

Эр ишдан кеч қайтди дейлик. Хотин: "Бирор марта эрта келармикинсиз?!" дейди. Бу каби муомалани эшитган эр: "Ҳеч яхши гап йўқ экан-да бу уйда" деган хаёлга бориши мумкин. Шунга ўхшаш гап-сўзлар ҳар икки томонда ҳам ношудман, нўноқман деган ҳис уйғотиши ёки бўлмаса, бу одам ҳеч қачон қилган меҳнатларимни эътироф этмайди, деган фикр шаклланиши мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам эр ёки хотинда ғайрат ва иштиёқ ўз-ўзидан сўнади. Ёхуд бу тушкунлик таъсирида бошқа муаммоларга дуч келганида ҳам "Мен бирор ишни уддалолмайман", деган фикрга боради. Натижада "Бўлганим шу!" дея ўз қобиғига ўралиб олиши ҳам ҳаётда кўп учрайди.

"Бирор марта болалар билан шуғулланмайсиз!"

"Уйнинг ҳеч тоза турганини кўрмадим!"

Бир қарашда, бу гаплардан эр бирор марта болалар билан шуғулланмаган, хотин ҳеч қачон уй йиғиштирмаган деган маъно тушунилади. Аслида, бундай эмас. Эр-хотин бир-бирининг ишидан кўнгли тўлмаганда, қўллаган "ҳеч", "бирор марта", "доим" каби умумлаштирувчи ифодалар аҳволни оғирлаштиришга хизмат қилади. Шу сабабли ҳам бундай сўзлардан сақланиш керак.

 

Нигора Абдумухтор қизи тайёрлади.