Алишер Навоий ижодининг пойдевори Ислом дини аҳкомларидир. Шу сабабли буюк мутафаккир асарларида Қуръони карим оятлари, ҳадислар; пайғамбарлар, авлиёлар ва олимлар ҳаёти билан боғлиқ ибратли ҳикоялар кўп учрайди. Кўп китоблари Аллоҳга ҳамд-санолар, пайғамбарларга салавотлар, азиз-авлиёлар руҳига дуолар билан бошланади. Бундан ташқари, ҳазрат Навоий бевосита диний мавзуларда ҳам асарлар ёзган. Уларда динни англаш, унинг талабларини тўғри бажариш, ҳалол-ҳаром ва савоб-гуноҳни ажрата билиш каби масалалар юксак бадиий маҳорат билан акс эттирилган. Бундай қимматли асарлар сирасига “Вақфия”, “Арбаъин”, “Сирожул муслимин”, “Муножот”, “Рисолаи тийр андохтан” кабиларни келтиришимиз мумкин. Юқорида тилга олганимиз – “Арбаъин” асари мусулмонлар учун зарурий қўлланма ва тарбиявий манба бўлган ҳадислар шарҳига бағишланган.

Мусулмон шарқи мумтоз адабиётида арбаъин ёзиш анъанаси Навоийгача ҳам бўлган. Арбаъин арабча “арбаъ” яъни, “қирқ” сўзидан олинган бўлиб, қирқта машҳур, саҳиҳ ҳадис мазмунини шеърий вазнда, аниқроғи, бир рубоийда ифодалаш санъатини англатган. Бундай асарлар оддий халқ вакиллари ҳадислар мазмунини осон тушуниши ва хотирасида узоқ сақлаб қолиши учун хизмат қилган. Навоий замонида ҳам бутун улус, хусусан, оддий халқ оммаси араб тилини билмаган ва бу тилда ёзилган манбаларни тушунмаган. Навоий бобо нима учун туркий тилда “Арбаъин” ёзишни ният қилгани ҳақида шундай ёзади:

 

Форсийдонлар айлабон идрок,

Орий эрди бу нафъдин атрок.

Истадим, бу халқ ҳам бори

Бўлмағайлар бу нафъдин орий.

 

Яъни, форсийда сўзлашувчи эллар ҳадислар мазмунини ўз тилларида шеърий услубда ёдлаб ўрганар, атрок, яъни туркий халқлар эса бу имкониятдан бебаҳра эди. Шу сабабли туркий тилли улуслар ҳам ҳадислар мазмунини осон ва завқли тушуниши, хотирасида сақлаши учун таржимага қўл урдим, ҳадисларни шеърга солдим, дейди ҳазрат Навоий.

Буюк шоир бу асарни таржима мақомида кўради. Чунки у “Арбаъин”ни устози ва пири – улуғ мутафаккир, форс-тожик адабиётининг улуғ даҳоларидан бири Абдураҳмон Жомийнинг “Чиҳл ҳадис”и таъсирида ёзган. Навоий бобо асар дебочасида устозининг розилиги ва дуосини олгани, сўнгра таржимага киришганини айтади.

“Арбаъин” рубоийлари ҳадислар мазмунини англашга кўмак бериб, инсон маънавий дунёсини янада юксалтиришга хизмат қилади:

Ҳадис: Ман аъта лиллаҳи ва манаъа лиллаҳи ва аҳабба лиллаҳи ва абғаза лиллаҳи фақодистакмала ийманаҳу.

Мазмуни: Ким хайр-эҳсон қилишда, ноўрин жойларга сарф қилмасликда, яхши одамларни дўст ва ёмон одамларни душман тутишда фақат Аллоҳнинг розилигини ният қилган бўлса, демак, у имонини бутун сақлайди[1].

 

Кимгаким ҳуббу буғзу манъу ато

Ҳақ учун бўлди жазм бил они,

Ким эрур Тенгри лутфидин комил

Аҳли имон қошида имони.

 

Ислом динида ҳар бир нарсада меъёрга амал қилиш уқтирилади, ҳаддан ошиш Яратганга хуш келмаслиги айтилади. Хусусан, хайр-эҳсон қилишда саховатли бўлиш, лекин бунда ҳам меъёрдан четга чиқмаслик таъкидланади. Чунки меъёридан ошган хайр-эҳсон биринчидан берувчининг манманлигини кўрсатса, иккинчидан эҳсон олувчини дангасалик, танбаллик ва тубанлашишга олиб келади. Бу ҳадис ва унинг мазмунидаги рубоий айрим замондошларимизга қарата айтилганга ўхшайди. Афсус, юртимиз ободлиги, тинчлик ва фаровонликни калта тушунган кўпчилик юртдошларимиз тўй ва байрамларда исрофгарчилик, ҳашамдорлик, тўқликка шўхлик қилиб гуноҳ устига гуноҳ орттираётганларини билмайди. Айримлар эса ўзини сахий кўрсатиш учун тўқ одамнинг олдига дастурхон ёзади, эгни бут одамга тўн кийгизади. Бундай хатти-ҳаракатлар савоб эмас, аксинча, гуноҳ олиб келади. Навоий бобо бизни худди ана шу ёмон оқибатдан огоҳлантиради.

Ҳадис: Хислатани лаа яжтамиъани фи мўминин: ал бухлу ва суъ ул-хулқи.

Мазмуни: мўмин кишида икки хислат жам бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқлилик.

 

Мўмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,

Эл била равшан ўл нечукким шам.

Негаким, Тенгри ҳеч мўминда

Бухлу бадхўйлиқни қилмади жам.

 

Ушбу рубоийни шарҳлашга ҳожат йўқ. Рубоий мазмуни бугунги кун кишисига ҳам очиқ-ойдин тушунарли. Мўмин киши ҳеч қачон ёмон хулқли ва бахил бўлмайди. Акс ҳолда, мўминлик мақомига путур етиши аниқ.

Навоий ижоди бизнинг асл адабиётимиз ўрнагидир. У инсонни ҳамиша комил ахлоққа, эзгуликларга чорлайди, ёмонликлардан қайтаради, маънавий фалокатлардан огоҳлантиради. Буюк мутафаккир асарлари ёшу қари учун бирдай фойдали. Кўксида миллий фахри бор, ўзбекман деган ҳар бир киши Навоийни ўқиши, ўқиганида ҳам меҳр ва ихлос билан ўқиши шарт.

 

Тожибой Норов,

ЎзМУ катта ўқитувчиси



[1] Мисоллар Алишер Навоий тўла асарлар тўплами 16-жилдидан олинган. Матнни нашрга Суйима­ Ғаниева тайёрлаган. Ҳадисларни араб тилидан Мансур Асқаров ўзбекчалаштирган.