Ҳар доим дастурхон атрофида, ибодатларимизда доим Яратгандан тинчлик-омонлик, осойишталик сўраймиз. Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кетади, деб бежиз айтилмаган. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган оила мустаҳкам бўлади. Юрт тинч-омон бўлса, халқ турмуши фаровон кечади. Лекин бу олий неъматни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Айниқса, ҳозир биздан огоҳ ва ҳушёр бўлиш, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан назар ташлаш талаб этилади.

Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар китоби”ни ўқиб кўп саволларга жавоб топдим. Асарда Ислом динини ниқоб қилган бузғунчи оқим ва фирқаларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ботил ақидалари, фаолият услублари, ўз замонасида уларга муносабат масалалари тарихий фактлар ва асосли далилларга таянган ҳолда ёритилган. Бузғунчи фирқаларнинг даъволари ақидамизга зид экани далиллар билан исботланган. Хориждаги қўпорувчи кучлар таъсири ва ҳомийлигида шаклланган гуруҳлар фаолиятига хос хусусиятлар қиёсий таҳлил қилиниб, улар тинч ҳаётимизга таҳдид солаётгани очиқ-ойдин баён этилган. Шунингдек, асарда Ислом динидаги ақидавий йўналишлар ва фиқҳий мазҳаблар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Китоб бугуннинг талабига жавоб беради. Тадбирлар, йиғинлар ва учрашувларда биз ушбу асардан самарали фойдаланишимиз мумкин. Китоб халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Муродулла ҚАРШИЕВ,

Зарафшон шаҳар бош имом-хатиби