Аллоҳ таоло инсонга тафаккур қилиш неъматини ато этди. Ундан тўғри фойдалана билиш мўминни яхшиликка етаклайди.

Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида тафаккур ҳақида сўз боради: Жумладан, мўминларнинг сифатлари баён этилиб, бундай дейилади:

"Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:)"Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан)пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!"" (Оли имрон, 191).

Бироқ баъзи кишилар хато фикрлашлари мумкин. Уларнинг фикрларини тўғирлайдиган маёқ керак. Бу мантиқ илмидир. Уламолар шундай таъриф берадилар: "Мантиқ илми кишини хатодан тўсади, ақл-тафаккурини тўғри йўлга бошлайди, наҳв ва сарф илмлари инсонга сўзлашни эмас, балки тўғри сўзлашни ўргатгани каби, мантиқ илми ҳам тафаккурни эмас, тўғри тафаккур қилишни ўргатади".

Сарф-наҳвни ўрганганларнинг барчаси ҳам сўзлашда хатодан холи бўлмагани каби, мантиқ илмини эгаллаганлар ҳам фикрлашда хатога йўл қўйиши мумкин. Инсон тили ва зеҳнини хатолардан сақлаш учун қоидаларга риоя қилиб, уларни мулоҳаза қилиши керак. Мантиқ илм масалаларини ўргатмайди, балки ҳақиқатларга олиб борадиган фикрлаш йўлини кўрсатади. Мисол учун, математика ҳам мажҳул ечимни топишга олиб борадиган ҳисоб-китоб усулларини ўргатади. Мантиқ илми бўлаётган ҳодисалардан келиб чиқиб, фикр-мулоҳаза қилишни ўргатади, шунинг учун бу илмни "меъзон", "меъёр", "ходимул улум" деб номлашган.

Мантиқ илмининг киши ҳаётидаги аҳамияти ҳақида алломалар ҳам тўхталиб ўтишган. Жумладан, Абу Наср Фаробий "Иҳсоул улум" асарида: "Мантиқ илми бу ҳаракатсиз кишини кучлантириб, ҳар қандай инсонга тўғри йўл, ҳақиқатни англашга ёрдам берадиган қоидалар йиғиндисидир", дейди.

Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Сино эса бундай таърифлайди: "Мантиқ бу зеҳнни адашишдан тўсиб, фикрнинг тўғри ва нотўғрисини фар­қлашга хизмат қилади. Инсон абадий саодатга эришиши учун тўғри йўлни топиши керак".

 

Нодира ҚАМАРИДДИНОВА,

Тошкент Ислом институти 4- курс талабаси