Улуғ муҳаддис, фақиҳ Ибн Ҳажар Асқалоний икки юздан ортиқ асар муаллифи. Алломанинг инсонни маънавий камолот сари ундовчи ҳадислар, саҳобалар сўзлари жамланган “Мунаббиҳот” китоби ўзига хос услубда тасниф, тартиб қилинган. Унда оят, ҳадис, ҳикматлар икки, уч, тўрт ва ҳоказо маъноларни жамлаши билан ҳам эътиборни жалб этади. Ҳар бир бўлим Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Саъдий Шеърозий, Яъқуб Чархий, Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Маҳмуд каби улуғларнинг ҳикмат ва насиҳатлари, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам ўгитлари, шунингдек, ўзбек халқ мақоллари билан янада бойитилган.

Китоб “Мовароуннаҳр” нашриётида “Олтин ўгитлар” номи билан нашрга тайёрланиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида чоп этилди. Қуйида шу китобдан парча босилмоқда.

* * *

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қиладилар:

*«Олимларнинг суҳбатларидан айрилманг;

 *Ҳикмат соҳибларининг сўзларини тингланг».

* * *

Хотами Асом айтади:

«Шошилиш шайтондандир. Бироқ қуйидаги беш нарсада шошилиш суннатдир:

Уйга келган меҳмонга иззат-икром кўрсатишда;

 Майитни ювиб-кафанлаш (дафн этиш)да;

 Балоғат ёшига етган қизни узатишда;

 Вақти келганида қарзни тўлашда;

 Гуноҳга тавба қилишда».

* * *

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) дейди:

 «Кўп куладиганнинг ҳайбати (салобати) оз бўлади;

 Инсонларни менсимаган хорланади;

 Бир нарсани кўп қилган шу билан танилади;

 Кўп гапирадиган кўп хато қилади;

 Кўп хато қилувчининг ҳаёси оз бўлади;

 Ҳаёси ознинг вараъ (тақво)си заиф бўлади».