Дунёда Абдулла Қодирийдек бахтиқаро ёзувчи кам бўлади. Мустабид шўро жаллодлари уни қатағон қилдилар, минг бора жабр кўрсатдилар, охири ўлдириб қутулдилар. Дунёда Абдулла Қодирийдек бахтиёр ёзувчи ҳам камдан-кам бўлади. Ҳар қандай қатағонларга, қамоққа тиқилиш ва сургун бўлиш хавфига қарамай, китобхонлар “Ўткан кунлар”ни ўқийвердилар, ўқийвердилар, ўқийвердилар!..

Яхши отадан яхши фарзандлар, яхши адибдан эса фарзандлар ва яхши асарлар қолади, деган гап бор. Чиндан ҳам шундай. Қодирий домланинг фарзандларидан бири – Ҳабибулла Қодирий яхши инсон ва истеъдодли қаламкаш эди. Ҳабибулла аканинг “Отам ҳақида” китобининг дунёга келиши ҳам асл фарзанднинг ота олдидаги бурчини адо этишига мисол бўла олади. Ҳабибулла аканинг бу китоби тезда машҳур бўлиб кетди. Сабаби – унда эл севган адибнинг Инсон сифатидаги олами тасвирланган эди...

Ўткир ҲОШИМОВ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

БЕГОНА МЕҲМОНЛАР

1932 йил бўлса керак, боғимизнинг авжи обод бўлган чоқлари, пишиқчилик кезлари эди. Бир куни кечки пайт уйимизга эр-хотин кириб келди. Эр ўттиз беш, аёл ўттиз ёшларда, икковлари ҳам оврупача кийинган. Бўйчан, чиройли оппоқ юзли. Аёлнинг эгнидаги қўш этакли узун оқ кўйлаги ўзига жуда ярашган эди. Назаримда, улар бегона, уйимизга биринчи бор келишлари эди.

Дадам уларни шийпон ҳовлисига, устулларга ўтқиздилар. Танишиш, ўзаро суҳбат бошланди. Чиройли аёл эрлар суҳбатига бир оз қулоқ солиб ўтиргач, аста туриб шийпонимизни томоша қилди ва ичкари ҳовлига ўтиб, уй-оиламиз билан танишди. Ойим нон ёпар эдилар, меҳмонни қаршилаб, супага таклиф қилдилар ва тандирдан нон чиқариб хонтахтага қўйдилар. Бироқ аёл ўтирмади, ушатилган нондан бир тишлам емади ҳам ва ҳатто икки оғиз илиқ сўз айтмади ҳам. Қўлидаги елпиғични ўйнаб, индамай шийпонга қайтди ва суҳбатлари тугаган эри билан тезгина жўнаб кетдилар. Кечлик чоғи ойим дадамдан сўрадилар:

– Келган меҳмонлар ким экан?

– Билмадим... “Жулқунбой билан бир танишиб, уйини кўриб ўтайлик”, деб келишибди чоғи, – дедилар дадам кулиб ва шўрвага нон тўғраб илова қилдилар: – Маориф комиссарлигида ишлашади, чамаси...

Хотини жуда димоғдор кўринади... – дедилар ойим.

Дадам дарҳол жавоб қилмай, тўғралган нон устига мурчли пиёз сочдилар ва қошиқлаб ея бошлаб, дедилар:

– Тўрт нарса кишини кибр-ҳаволантирар экан: бойлик, илм, мартаба ва ҳусн.

Дадамнинг ушбу сўзлари хотирамда ҳамон сақланиб қолган. Кибру ҳаво дардига йўлиққан бирор кимсани учратсам, дарҳол шу хотираларни қайта-қайта эслайман...

 

ПАЙРАҲА ОРҚАЛАГАН “ОЛИМ”

Дадамнинг Мулло Алижон исмли устозлари бўлар эди. У киши Бухоро мадрасаларидан бирида таҳсил кўрган, замонасининг етук уламоси, инқилоб бошларида рус-тузем мактабида дадамизга дарс берган, ниҳоятда камтар, беозор, қобил кимса эди. Шу киши бир марта бизникида меҳмон бўлганларида дадам билан суҳбатлашиб ўтириб, бошидан ўтган бир воқеани ҳикоя қилиб берди:

«Бухоройи шарифдан мадрасани таҳсил қилиб келган йигит чоқларим эди. Илмимга жуда фахрланганман: бошимда симоби салла, эгнимда жиякли оқ жужун кўйлак, устидан банорас тўн, оёғимда амиркон махси-ковуш, кўчада виқор билан юраман, унча-мунчани писанд қилмайман, гўё мендан ўзга мадраса таҳсил қилган киши йўқ...

Шундай ясанган ҳолатда, бир кун кечки пайт, Чорсудан Чуқуркўприк орқали уйга қайтар эдим. “Қабз ота” қабристони яқинига келганимда амакимни учратиб қолдим. Амаким кексайиб қолган, бечораҳол одам эди. У киши ялангоёқ, эски кийимда, Чорсудаги ромсозликдан бир қоп тутантириқ-пайраҳа кўтариб уйга борар эдилар. Мен у кишига салом бериб, одоб юзасидан:

– Қопингизни кўтариб олақолай, амаки, – дедим.

Амаким:

– Майли, мулла, – дедилар-у, пайраҳалари кўриниб турган йиртиқ қопни елкаларидан тушириб, менга тутдилар.

Амакимнинг бу “бетамиз”лигидан мен жуда ҳайрон бўлиб қолдим.

Олмай десам, ўзим таклиф қилиб қўйганман, олай десам, устимдаги “шоҳона” кийимлар билан йиртиқ қопда пайраҳа кўтариб юриш... Номус кучли, қопни орқалаб кета бошладим. Амаким ортимда секин келардилар. Шундай кийимларда пайраҳа орқалаб боришимга ўткинчилар таажжубланиб қарашарди.

Чуқуркўприк гузарига тушиб борганимда уятдан тер қуйиб кетдим. Чунки гузарда иккита чойхона бўлиб, кечки пайт лиқ тўла чойхўрлар ўтиришарди. Ҳаммасининг кўзи менда. Ерга боқиб, гузар ўртасидан ўтдим... Гузардан ўн беш-йигирма одим узоқлаган эдим, амаким орқамдан етиб келиб елкамдан қопни олдилар ва менинг:

– Қўяверинг, ўзим уйга олиб бораман, – дейишимга:

– Йўқ, шунисининг ўзи кифоя, мулла... – дедилар ва юкни орқалаб кетавердилар.

Ўйлаб билсам, амаким шу ишни жўрттага қилган эканлар. Шу кундан эътиборан кўзим очилди. Кибр-ҳаво билан видолашдим.

Хуллас калом, донишмандлар айтадилар: “Такаббурлик, мағрурлик ёмон хулқ ва ақлсизликдан нишонадир. Такаббур ҳақиқатни инкор қилади, ўзини ўзгалардан баланд ва ақлли қўяди, бошқаларга нафрат билан қарайди. Турли келишмовчиликлар, адоват, душманлик кибрдан ҳосил бўлади. Кибрли одам ҳаётда кўп машаққатга, азоб-уқубатларга, халқ нафратига, ғазабига дучор бўлади ва охири хор-зорликка, ҳалокатга учрайди”.

 

Ҳабибулла ҚОДИРИЙ