Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор берилмоқда.

Тариқат, тасаввуф аслида руҳий маънавий покланишга даъват этувчи инсонпарварлик ғояларини тарғиб этади. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Тасаввуф ҳижрий V–VI асрларда ўзининг ривожланиш чўққисига чиқди. Ислом динининг кенг тарқалишида ҳам тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Хусусан, бизнинг юртимиздан етишиб чиққан тасаввуф намояндалари ва тариқат асосчилари буюк хизмат қилдилар. Ўрта Осиё халқларининг бой маданий меросини ҳам тасаввуф тариқатларисиз тўла тасаввур этиб бўлмайди. Ўтган асрларда яшаган ва ижод этган кўпгина олимлар, ёзувчилар, йирик давлат арбоблари тасаввуфнинг турли тариқатларида бўлганлари, ўша даврларда ёзилган китобларда ҳам тасаввуфнинг таъсири юқори бўлгани фикримиз исботидир.

Ўз даврида дунёни даҳшатга солган мўғулларнинг Исломни қабул қилишларига тасаввуф намояндалари сабаб бўлишган эди. Бухоролик Шайх Жамолиддин мўғул султони Туғлуқ Темур билан учрашиб қолади. Кейинчалик Туғлуқ Темур подшоҳ бўлганида Шайх Жамолиддиннинг ўғли Шайх Рукниддин ҳузурида мусулмон бўлади. Исломни қавми орасида ёяди ва Ислом улар қўл остидаги барча диёрларга тарқалади. Бундан ташқари, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби улуғ тариқат пешволарининг юрт равнақи, мусулмонлар бирдамлиги, дин ривожи йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганларида кубравия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубронинг шаҳарни ҳимоя қилишга бошчилик қилиши ва шу йўлда шаҳид бўлиши ватанпарварликнинг юксак намунасидир.

Абу Ҳомид Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳақиқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини қуйидагича баён қилган: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Шариатнинг барча қоидаларини эгалламасдан туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Баъзи “шайхлар”дан бу ишларни енгил санаш нақл қилинган бўлиб, бу айни хатодир”.

Абу Язид Бистомий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Агар бир киши ҳатто осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғини маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча унга алданиб қолманг”, деганлар.

Хожа Аҳмад Яссавий (раҳматуллоҳи алайҳ):

“Шариатсиз тариқатга кирганларни

Шайтон лаъин имонини олар эрмиш”, деганлар.

Сўфи Оллоёр бобомиз:

“Шариатсиз киши учса ҳавога,

Кўнгил берманг анингдек худнамога”, деганлар.

Тасаввуф тарихида юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, тариқатга ўтмоқчи бўлганларни олдин шаръий илмларни эгаллашга ундаганларини кўрамиз.

Тасаввуф пешволарининг шу йўлга кирмоқчи бўлганларни илм ўрганишга ундаганларида тасаввуф йўлида юрганларга етарли ибрат бор. Қолаверса, шаръий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, ҳаром, макруҳ каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатни нуқсонсиз, ўринлатиб адо эта олиши мумкин эмас. “Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзалдир” мазмунидаги ҳадиси шарифнинг илоҳияти ҳам шу аслида.

Бугун тариқатдаман деган баъзи кишиларнинг илм ўрганишга рағбатлари йўқлиги жуда ачинарли ҳол. Ислом илм динидир. Илмнинг фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадиси шарифлар бор.

Бундан ташқари, баъзи муридлар пирини улуғлашда ҳаддан ошади, муболағага йўл қўяди. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ҳаётини ўрганиб чиқсак, кишини яхши кўришда ҳаддан ошиш қанчалар ёмон ҳолат экани яққол кўринади.

Тасаввуф силсиласи Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) етиб борар экан, ҳар бир шайх Набийни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзига мутлақ ўрнак қилиб олиши керак. Бусиз пирликни даъво қилмаса ҳам бўлади. Шайхларни баҳолашда муридларнинг мадҳу мақтовлари асло ўлчов бўлолмайди.

Баъзи сўфийнамо кишиларнинг пиридан бошқанинг сўзини, ҳақиқат бўлса ҳам, қабул қилмаслигини, китобларни, уламоларнинг сўзларини тан олмай, беписанд қарашини такаббурликдан бошқа нима деб тушуниш мумкин? Ахир тасаввуф аслида инсонни камтарликка чорлайди-ку?!

Тасаввуфда таркидунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик қилиш йўқ. Улуғ шайхлар (раҳматуллоҳи алайҳ) дангасалик, лоқайдликка, таркидунёчиликка қаттиқ қарши туришган. Улар инсонларни ҳаракат, ҳиммат ва ғайрат қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга чақиришган. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниши сўфийнамо бўлиб, хулқи ёмон бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, сўз билан амал бир бўлмаслиги мунофиқлик аломатидир.

Тасаввуфда ҳалол касб-корга алоҳида аҳамият берилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг (раҳматуллоҳи алайҳ): “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган шиори сўфийларда меҳнатга рағбат пайдо қилади. Бундай ёндашув одамлар турмуш тарзининг яхшиланишига сабаб бўлади.

Муҳаммадий ҚОРАЕВ,

“Хожа Бухорий” Ислом ўрта-махсус билим юрти ўқитувчиси