Буюк мутаффаккир Алишер Навоий нафақат шоир, давлат арбоби, балки мантиқ, ҳуснихат, фалсафа, мусиқа ва фиқҳий билимларни ҳам яхши ўзлаштирган олим эди. Ишларида ҳам, асарларида ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифдаги ахлоқ-одоб қоидаларига тўла риоя қилганини кўрамиз. Бу борада шоирнинг қирқта ҳадисни назмий услубда ифода этган "Арбаъин" (қирқ ҳадис тўплами) асарини келтириш мумкин.

Асарда одоб-ахлоқ, соф диний эътиқод, илмга, касб­га муҳаббат ва одамийлик фазилатларини шакллантиришга хизмат қилувчи қирқ ҳадис назмий услубда ёзилган. Комил инсон хусусиятлари таърифланган: "Сизлардан бирор киши ўзига раво кўрган нарсани ўзгага раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди" ҳадисини наз­мий услубда қуйидагича ифодалаган:

 

Мўъмин эрмасдур, улки имондин

Рўзғорида юз сафо кўрғай,

Токи қардошиға раво кўрмас

Ҳар наким ўзига раво кўрғай.

 

"Одамларнинг энг яхшиси одамларга кўпроқ фойдаси тегадиган кишидир" деган ҳадис маъносини назмда бундай ифодалаган:

 

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил они улус ароким,

Етса кўпроқ улусқа нафъ андин.

 

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий асарларида чин мусулмон қандай бўлиши, унинг эътиқоди ва ўзгаларга муносабати қай даражада бўлишини ифодаловчи сатрларни ҳам кўришимиз мумкин:

 

Ким мусулмонлиғ айласа даъво

Чин эмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмондурурки, солимдур

Тилию илгидин мусулмонлар.

 

Бу байтнинг замирида юксак инсоний фазилатлар мужассамдир. Чунки инсон ўзгаларга қўли ва тили билан зарар бермас экан, у эзгулик узра яшаётган энг юксак маънавият эгаси ҳисобланади.

Ҳазрат Навоий асарларидаги асосий қаҳрамон инсон эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Чунки инсон тарбияси, унинг маънавий-маърифий қиёфаси хилқати каби гўзал бўлиши керак. Бундан ташқари улуғ шоирнинг асосий мавзуси инсонлар ўртасидаги ўзаро муҳаббат бўлган.

 

Дўстлашинглар ҳадиялар беришиб,

Баҳра топқон хирад атиясидин.

Худ жаҳонда атияе борму,

Яхшироқ дўстлиқ ҳадиясидин.

 

Шоир ўз шеърларида халқи­га ва ватанига бўлган муҳаббатни ҳар бир шахснинг қалбида шакллантиришга ҳаракат қилган:

 

Мўмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,

Эл била равшан ўл нечукким шамъ.

Негаким, тангри ҳеч мўминда,

Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.

 

Навоий "Сирожул муслимин" (Мусулмоннинг чироғи) асарини фиқҳий масалага бағишлаган бўлса, "Му­но­жот"и­­да Аллоҳ таолога ил­тижо­ қилади.

 

Илоҳи, дунё майли риштасин кўнглимдин уз,

Нафс тийраларида ҳидоят шамъи ила ўзинг сари йўл кўргуз.

 

Шоир бой маънавий мероси авлодларга ибрат. Илоҳим, барчамизнинг қалбимизга у зотнинг фазилатли ўгитлари ўрнашсин.

 

Абдурасул ТОШПЎЛАТОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси