Азиз мухлислар, таклифларингизга кўра Имом Табризийнинг "Мишкотул масобиҳ" китобидан мунтазам саҳиҳ ҳадислар таржимасини бериб боришни лозим топдик. Бу китоб ҳозир мамлакатимиздаги барча мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилади. Китобда тўпланган ҳадисларга Мулла Али Қори "Мирқотул мафотиҳ шарҳи Мишкотул масобиҳ" номли шарҳ ёзганлар.

 

Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:

"Биз бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бўлганимизда устида сафар асари бўлмаган, бирортамиз танимаган, оппоқ кийимли, қоп-қора сочли киши келди. Икки тиззасини Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки тиззаларига теккизиб ўтирди. Икки кафтини сонларига қўйди ва:

"Эй Муҳаммад, менга Исломни ўргат", деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

"Ислом "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" ("Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси") деб иқрор бўлишинг, беш вақт намозни адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилишинг", дедилар.

"Тўғри айтдинг", деди у.

Биз унинг ўзи сўраб, ўзи тасдиқлаётганига ҳайрон бўлдик.

"Менга имонни ўргат", деди у.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам):

"Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига имон келтиришинг, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдирдан эканига имон келтиришинг", дедилар.

"Тўғри айтдинг", деди у.

"Менга эҳсон ҳақида хабар бер", деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам):

"Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўради", дедилар.

"Менга қиёмат ҳақида хабар бер", деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам):

"У ҳақида сўралувчи сўровчидан кўп билмайди", дедилар.

"Қиёматнинг аломатлари ҳақида хабар бер", деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам):

"Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, ночор, яланғоч, қўй боқувчилар бино қуришда мусобақалашишларини кўришинг", дедилар.

Сўнгра у кетди. Мен бир оз турдим. Сўнг у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга:

"Эй Умар, сўровчининг кимлигини биласанми?" дедилар.

"Аллоҳ ва Унинг расули билади", дедим.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

"У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатишга келган", дедилар" (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам):

"Ислом дини беш нарса устига қурилган: Улар: "Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ", деб иқрор бўлиш, беш вақт намозни адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутишдир", дедилар (Имом Бухорий ва Имом муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:

"Имон етмишдан ортиқ бўлакдан иборат. Унинг улуғи "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасидир. Унинг пасти йўл устидаги азият етказувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё имондан бир бўлакдир" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

"Мусулмон мусулмонлар тили ва қўлидан омон бўлган кишидир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилган кишидир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Моликдан (розийал­лоҳу анҳу) ривоят қилина­ди:

Набий (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): "Бирортангиз ота-онаси, фарзандлари ва барча инсонлардан кўра мен суюкли бўлмагунимча комил мўмин бўлмайди", дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Саиджамол МАСАЙИТОВ таржимаси