Усмон НУРИЙ

Умар ибн Абдулазиз уйига келган дўсти билан суҳбатлашиш асносида хат ёзиб ўтирарди.

Бир пайт чироқнинг ёғи озайиб, нури заифлаша бошлади. Шунда меҳмон: “Туриб, чироқни тўғрилаб қўяйми?” деб сўради.

– Меҳмонга хизмат қилдириш одобдан эмас, – деди Умар ибн Абдулазиз.

– Унда хизматчини уйғотай...

Бунга ҳам рухсат бермаган мезбон ўзи туриб, чироқни тўғрилади. Қайтиб жойига ўтирганида дўсти ҳайратини яширмади:

– Эй мўминлар амири, ўзингиз овора бўлишингиз шарт эмас эди...

– Чироқни тўғрилаш учун турганимда Умар эдим, қайтиб жойимга ўтирганимда ҳам Умарман, бирор нарсам камайиб қолгани йўқ, – дея жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) фазилатли ибодат дея атаган тавозе, камтарлик бандаликнинг асосидир; инсонга Аллоҳ таоло ҳузурида “ҳеч”лигини англатиш баробарида даражасини юксалтирадиган фазилатдир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) воситаларида биз бандаларига амр қилган: “Сизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!” (Шуаро, 215).

Зеро, инсонга ярашадигани ҳам шу – банда эканини унутмай, бутун мавжудот, махлуқотга тавозе кўрсатиб яшаш. Бу борада ҳам биз учун Расулуллоҳда (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гўзал ўрнак бор. У зот инсонларнинг энг улуғи бўлганлари ҳолда камтарликнинг чўққисида эдилар. Бир куни ҳузурларига келиб, салобатлари босиб, ҳурматдан титраб турган кишига дўстона, юмшоқлик билан айтдилар: “Қўрқма, биродар, мен ҳам қурайшлик оддий бир аёлнинг ўғлиман”.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озод ёки қул бўладими, инсонларни бирдек кўрар, каттами, кичикми, ҳадяларни қабул қилардилар. Жамият паст санаган қул, чўри, ғариб кишиларга айрича эътибор қаратардилар. Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Мадиналик бир қул Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидан ушлаб, истаган жойигача олиб борарди” (Имом Бухорий). Яна у зот (алайҳиссалом) бошқалардан ажралиб, бирор баланд жойда эмас, асҳобнинг орасида ўтирар, шу сабабли нотаниш одам Пайғамбар қайсилигини сўрамагунча, билмасди (Насоий ривояти).

Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари эга бўлган бу гўзал хулқлар билан ҳеч қачон мақтанмаганлар. У зотни яхши кўришини даъво қилган мусулмон: “Киши севгани билан биргадир” деган ҳадиси шарифга кўра камтарин бўлиши шарт эканлигини ҳам билиши зарур. Бинобарин, бевосита набавий тарбия остида камол топган саҳобалар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юксак тавозелилик сифатларидан насиба олган зотлардир.

Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Абу Бакр мендандир, мен унданман”, деган марҳаматларига сазовор бўлган Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифаликка тайинланганининг илк онларида одамларга бундай хитоб қилган: “Энг яхшингиз бўлмаганим ҳолда сизларга бошлиқ қилиндим. Агар вазифамни тўғри бажарсам, менга ёрдам қилинг. Агар хато йўл тутсам, тўғрини кўрсатинг...”

У зот халифа бўлгач ҳам, атрофларидаги етим қизларнинг қўйларини соғишда, юмушларига қарашишда давом этдилар. Кўпчилик ўйлаганидек, ишлари кўпайиб, етимларни ташлаб қўймадилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбияларини олган яна бир улуғ саҳобий ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) билан боғлиқ ҳодисани Урва ибн Зубайр бундай ҳикоя қилади: Ҳазрат Умарни елкасига сув тўла мешни орқалаган ҳолатда учратдим. “Эй мўминлар амири, бундай қилиш сизга ярашмайди!”, дедим. У эса:

– Қабила раислари итоатларини изҳор қилиб, ҳузуримга келишгач, ичимда уйғонган кибрни синдириш учун шу ишни қиляпман, – деди ва йўлида давом этиб, мешни ансорий бир аёлнинг уйидаги сув идишга бўшатди.

Яна бир куни Аҳнаф ибн Қайс (розияллоҳу анҳу) арабларнинг пешқадамлари билан бирга ҳазрат Умарнинг зиёратига келди. У кишини этагини белига қистириб, югураётган ҳолда кўришди. Аҳнафга айтди:

– Кел, ёрдам бер. Байтулмолга тегишли бир туя қочди. Биласан-ку, бунда қанчалаб одамнинг ҳақи бор!..

Шу аснода келганлардан бири: “Ўзингизни уринтирмай, бирор қулга буюрсангиз бўлмайдими?” деб сўради. Ҳазрат Умар эса юксак тавозенинг ифодаси бўлган шу жавобни берди:

– Мендан ҳам яхшироқ қул қайда?

Бу юксак ахлоқий фазилатдан насибадорлик саодат, маҳрумлик эса айни ҳалокат эканини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда бундай баён қиладилар: “Ким Аллоҳ таоло ризоси учун бир даража тавозе кўрсатса (камтарин бўлса), Аллоҳ шу сабабдан уни бир даража баландга кўтаради. Агар ким Аллоҳ таолога бир даража кибр қилса, Парвардигор уни шу сабабли бир даража пастлатади, шу тарзда уни асфаласофилинга улоқтиради” (Ибн Можа ривояти).

Тавозедан насиба олмаганлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрат ва азамати қошида ўзининг “ҳеч”лигини англаб етмаган, ўткинчи дунёнинг шошқин йўловчиларидир. Саъдий Шерозий бундай кимсаларга қуйидаги мисол билан хитоб қилади: “Ақлли инсонлар меваси кўплигидан шохлари ерга эгилган дарахт сингари мутавозе бўладилар”. Зеро, бу хислат Ҳаққа муҳаббат ифодаси. Боязид Бистомий айтганидек, саховатда денгиз, шафқатда қуёш ва тавозеда тупроқ каби бўлиши банданинг Аллоҳ таолога муҳаббати ҳақиқий эканидан нишонадир.

Хуллас калом, маънавий иззат, шараф ва мартабага эриштиришда тавозечалик самарали восита йўқ. Тавозесиз бандалик нуқсонли ва иллатлидир. Манманлик ва кибр эса иблис мисолида кўрилганидек, кишини куфргача олиб борадиган энг таҳликали офат. Зеро, Саъдий Шерозий айтганидек: “Ўзига боққанида ўзини кўрган (банда эканини идрок қилмаган) киши Ҳақ таолони тополмайди”.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи таржимаси