Аҳмад ИБН МИСКАВАЙҲ

 

Инсон дунёга келар экан, унда илк пайдо бўлиб шаклланадиган нарса моддий озуқага бўладиган иштиёқдир. Зеро, озуқа ҳаёт манбаи. Шу боис янги туғилган ҳар бир гўдак табиий равишда она кўкрагини қидиради. Сўнгра у улғайгани сайин нафсини қондириш ва роҳатланишнинг бошқа турларидан ҳам баҳраманд бўлишга ҳаракат қилади. Кейинчалик унда ўзига қизиқарли туюлган нарсалар тўғрисида ўйлаш, тасаввур қилиш ҳиссиёти уйғонади. Истагини қондиришга тўсқинлик қиладиган нарсаларга нисбатан норозилик, ғазаб ва нафрат туйғулари пайдо бўлади, улар билан курашиш ҳаракатлари бошланади. Қаршилик қилувчилардан ўч олиш, ўзининг кучи етмаса, ота-онасидан мадад сўраш, йиғлаш ва инжиқлик қилиш билан бўлса-да, мақсадга етиш йўлларини қидиради.

Гўдакда аста-секин ақл-идрок шаклланади. Ундаги ақл ривожининг биринчи белгиси – уялиш ҳисси. У ўзидаги айб ва уятли нарсаларни бошқаларга кўрсатишдан қўрқади. Бундай табиатга эга бўлган бола одамнинг кўзига тик боқишга ҳам ботина олмайди. Энди яхши-ёмонни, чиройли-хунукни ажрата бошлайди. У тарбияга тайёр. Одобли қилиб тарбиялашни кечиктирмай бошлаш керак. Тарбия жараёнида унинг одобсиз болаларга қўшилиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Болага бу ёшида нима ўргатилса ёки нимага одатлантирилса, осон қабул қилади. Чунки ҳали унинг табиатига ёмон одатлардан бирортаси қаттиқ ўрнашиб улгурмаган. Ундан бирор яхши гап ёки иш содир бўлса, мақтаб қўйиш зарур. Олдида яхши одамларнинг фазилатлари ҳақида кўпроқ гапиришни одат қилиш керак. Мард ва ҳимматли бўлиш каби олижаноб фазилатларни болага уқтириб, онгига сингдириб бориш зарур.

Шайх Абдулазиз МАНСУР таржимаси

 

Муаллиф ҳақида:

Абу Али Аҳмад (ибн Мискавайҳ) ўн биринчи асрнинг машҳур алломаларидан. Ибн Мискавайҳ “Ал-ҳавомил ваш-Шавомил” (Эътиборсиз ва эътиборли нарсалар) асари билан асрининг қомусий олимлари қаторидан жой олди. Унинг “Тажорибул умам” (Умматлар тажрибалари), “Жовидони хирад” (Илмнинг мангулиги), “Таҳзибул ахлоқ ва татҳирул-аъроқ” (Ахлоқ софлиги ва ирқлар поклиги) номли асарлари бизгача етиб келган. Булардан ташқари, баъзи манбаларда олимнинг шифобахш ўсимликларга доир асарлари ҳам борлиги айтилади. Руҳият ва ахлоққа доир асарлари юқори баҳоланади.

Ибн Мискавайҳ меросида “Ахлоқ софлиги ва ирқлар поклиги” китоби энг қимматбаҳо асардир. Олим бу асарини ёзишдан кўзлаган мақсадини бундай ифодалайди: “Бу китобни таълиф этишдан мақсадим – биз ўзимизда шундай гўзал ахлоқларни мужассам қилайликки, улар ўзимизга муносиб бўлиб, ҳеч кимга малоллик ёки қийинчилик туғдирмасин. Ахлоқ қоидаларини ҳам худди касб-ҳунар ва таълим олиш каби ўрганишимизга тўғри келади. Энг олдин ўзимизни яхши тарбия қилайлик, камолга етишни, унга тўсиқ бўладиган иллатларни қандай енгишни билиб олайлик”.