“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарда Ўзбекистон халқининг асрий орзуси бўлмиш миллий истиқлолимизга оид Президентимизнинг ўй ва қарашлари ифода этилган. Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб берадиган энг муҳим масалалар борасида узоқни кўриб баён этилган концептуал ёндашувлар, фикр-мулоҳазаларга алоҳида урғу берилган.

Ушбу китобдаги тарихий далилларнинг каттагина қисми бевосита миллий тикланиш, ўзликни англаш ва азалий қадриятлар қатори улкан маънавиятимизни ташкил этувчи исломий илмларни қайта тиклаш масалаларига ҳам бағишланган. Советлар даврида Республикамиз учун исломшунос мутахассислар тайёрлаш масаласи мутлақо эътибордан четда қолди. Ислом билан алоқадор тад­қиқотлар ҳам динсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилиб, диний қадриятларимиз асоссиз қораланди. Динимиз ва унинг арконларини пухта эгаллаган шариат уламолари қатл этилди, сургун қилинди.

Мустабид тузум йилларида динга бўлган муносабат туфайли ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш соҳасидагина эмас, балки тарих, фалсафа соҳаларида ҳам бирёқламалик оқибатида халқимиз буюк аждодларимизнинг диний асарларидан бебаҳра қолди. Диний адабиётнинг тарбиявий аҳамиятини йўққа чиқарди.

Мустақиллик йиллари муҳтарам Президентимиз саъйи ҳаракатлари билан тазйиқу тақиқларга барҳам берилди. Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 19 майдаги қарори билан Халқаро Ислом Тадқиқот Маркази, 1999 йили Тошкент Ислом университети ташкил этилди. Малакали исломшунос олимлар етишди. Илм-фаннинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, шариат илмига доир хилма-хил масалаларни атрофлича тадқиқ этишда ухровий ва дунёвий олимлар ҳамкорлиги бошланди. Ҳукуматимиз диний фанларни ривожлантириш учун барча шароитларни яратди.

Бугун Ислом таълимоти, маънавияти ҳақида радио ва телевидение орқали тарғибот қилинмоқда. Ислом тарихи, фалсафаси, ҳуқуқшунослиги, ахлоқига оид мавзуларда, шунингдек, буюк алломалар ҳаёти ва меросига доир қизиқарли суҳбатлар, маърузалар, адабий кўрсатув ва эшиттиришлар халқимиз руҳониятини гўзаллаштиради, эътиқодини мустаҳкамлайди.

Нафақат динимиз, балки хал­қимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мустабид тузум даврида тақиқлаб қўйилган Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳа­йитларини нишонлаш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур сингари улуғ аждодларимиз хотирасини эъзозлаш, ҳурмат кўрсатиш тўғрисидаги қарор ва фармонлар ўз тасдиғини топди.

Юртбошимизнинг халқимиз тафаккур хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби истиқлол туфайли асл илдизларимизга қайтиб, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлганимизни, авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишларни амалга оширганимизни яна бир бор ғурур-ифтихор билан таъкидлашга асос беради, деб ишонамиз.

 

Маҳмудхўжа НУРИТДИНОВ,

фалсафа фанлари доктори