Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб буюк шоир ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодидан бўлиб, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғлидир. Аврангзеб 1619 йил (ҳ. 1028 йил)да туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегим ёш Аврангзебни шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий тарбиясига беради. Шайх қўлида у Қуръони каримни ёд олади, ҳанафий мазҳаби фиқҳини, хаттотлик илмини ўрганади. Араб, форс ва турк тилларини яхши билган Аврангзеб адабиёт мухлиси бўлиб, ўзи ғазаллар ҳам ёзарди.

Аврангзеб ҳукмронлиги даврида маданият, санъат ва илм-фан Ҳиндистондаги қадимий бой маданият билан уйғунлашиб, мамлакат тараққий этди. У Бобур ва Акбар меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлади, авлодларга қолиши учун жидду жаҳд ила ҳаракат қилди. Шунингдек, унинг буйруғи билан Низомуддин Бурҳонпурий раҳбарлигида йигирма уч нафар фақиҳ "Фатовои Ҳиндия" номи билан шуҳрат қозонган фатволар тўпламини (4 жилд, 3500 бет) тасниф этишди. Манбаларда, Султон Аврангзеб бу жараённи шахсан ўзи назорат этгани ҳамда асар учун икки юз минг рупия сарф қилгани эътироф этилади. "Фатовои Ҳиндия" Аврангзеб Оламгирнинг номига нисбатан "Фатовойи Оламгирия" деб ҳам аталади. Асар боблари ёзилишида ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манба – "Ҳидоя" асари тартиби танланган. Кейинчалик у урду тилига таржима қилиниб, 1889 йили Лакҳнауда нашр этилган. Китоб юртимизда, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтининг қўлёзмалар кутубхонасида сақланади.

Қарийб эллик йил ҳукмронлиги даврида у Ислом асосларини татбиқ этишга ҳаракат қилди. Олимларни қаноти остига олиб, уларга ҳомийлик кўрсатди. Мадрасалар, масжидлар, карвонсаройлар, кўзи ожизлар ва мискинлар учун уйлар қурди. Энг катта масжидлардан бири ҳисобланган Подшоҳ масжидини (Лоҳур) ҳам Аврангзеб қурдиртирган. Манбаларда қайд этилишича, унинг беш ўғли ва беш қизи бўлган.

Султон Аврангзеб 1707 йили 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этди.

 

Аббос ҚОСИМОВ,

Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси