Яқинда "Ўзбекистон" наш­риёти "Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" номли китоб-албомни чоп этди. Китобда Ватанимизнинг турли минтақаларидаги меъморий ёдгорликлар ҳақида қисқача маълумотлар, улардаги битиклар суратлари ҳамда бу битикларнинг ўзбек, рус, инглиз тилларидаги таржималари берилган. Улар милодий IX аср­дан то истиқлол йилларигача даврда қурилган ёдгорликларга араб, форс, ўзбек тилларида кўчирилган Қуръо­ни карим оятлари, ҳадиси шарифлар, ҳикматлар, аждодларимиз ўгитлари ва бош­қа тарихий маълумотлардан иборат. Масалан, Самар­қанд­даги Улуғбек мадрасаси пештоқида бундай ҳикмат битилган: "Илм дунёда иззат, охиратда шарафдир". Шунингдек, битиклар орасида уларни ишлаган усталар номлари ҳам учраб туради. Жумладан, Уста Мулла Абдулжаббор, Муҳаммад Аваз Самарқандий (Шердор мадрасаси), Зайниддин Шамс Табриз Фаххор (Шодимулк мақбараси), Уста Юсуф Шерозий (Қусам ибн Аббос мақбараси), уста Муҳаммад Саид, Муҳаммад Абдулхолиқ ибн Муҳаммад Розиқ (Баҳоуд­дин Нақшбанд ёдгорлиги), Исмоил ибн Тоҳир ибн Маҳмуд Биноий Исфаҳоний (Бухородаги Улуғбек мадрасаси), Мулла Нурмуҳаммад ибн Қаландар Хоразмий (Паҳлавон Маҳмуд мақбараси), Али ибн Муҳаммад Сарахсий (Полвон дарвоза). Шубҳасиз, бу усталар замонасининг етук хаттоти, меъмори ва наққоши бўлган.

Шуни айтиш керак, бундай битиклардан қанча-қанчаси Чор Русияси истилоси ва собиқ советлар иттифоқи даврида маданий бойликларимизга эътиборсизлик сабабли бузилиб, йўқ бўлган. Минг шукр, мустақиллик йилларида бу бойликларимизни тиклаш, сақлаш бўйича улкан ишлар қилинди ва қилиняпти.

Китобни "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жам­ғармаси ташаббуси билан Ўзбекитон Фанлар Академия­си шарқшунослик институти ва Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази мутахассислари тайёрлашган.

Китоб тадқиқотчилар, меъморлик, хаттотлик санъатлари тарихи билан қизиқувчилар учун фойдали манбадир.

 

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.