Алишер Навоий ғазалига шарҳ
(«Ғаройибус сиғар». 2-ғазал)
 
Мир Алишер Навоий ҳазратлари Ҳақ таолога нисбатан қалбидаги ишқ даражасига етган муҳаббатини тасаввуфий услуб ила ҳақиқат ва мажоз тилида шундай баён этмишлар:
 
Зиҳи ҳуснинг зуҳуридин тушуб ҳар кимга бир савдо,
Бу савдолар била кавнайн бозорида юз ғавғо.
 
Сенинг ҳуснинг Ўзинг яратмиш мавжудотларинг орқали зоҳир ўлғоч, ҳар бир ошиқнинг бошига ишқ савдоси тушибдурким, икки олам бозорида юрмиш ишқ харидорлари ошиқлик мақомида устунлик талоша юз хил ғавғо қилурлар. Яъни, тасаввуф машойихлари ва аҳли тариқатлар ишқи илоҳий бобида мусобақа қилурлар.
 
Сени топмоқ басе мушкилдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.
 
Сени топмоқ, яъни Сени биру бор эканинг, илму ҳикматинг, чексиз куч-қудратинг кунҳи (ҳудуди)ни идрок этиб имон-ишонч ҳосил қилиш ҳар бир кимсанинг ҳам қўлидан келавермас.
Топмаслик, яъни имонсизлик ила дунё­ маишати бирла ғафлатда бўлиш осон бўлгани боис, бу хилда умргузаронлик қилувчилар бисёрдир. Зеро, Сен борлигингни пинҳон тутиб, бандаларингни ғойибона имон келтириш билан синайсан. Лекин ҳар қанча Ўзингни пинҳон тутсанг-да, яратиб қўйган мўъжизавий ашёларинг орқали Зоту сифотинг намоён бўлаверади.
 
Чаман оташгаҳига оташин гулдин чу ўт солдинг,
Самандардек ул ўтдин кулга ботти булбули шайдо.
 
Чаман ичра ошиқларингни жазолаш учун қурилган оташгоҳингга тушиб, гулжамолинг асири бўлмиш шайдо булбул самандардек кулга ботди.
 
Не ишга бўлди беором кўзгу аксидек Мажнун,
Юзи кўзгусида аксини гар кўргузмади Лайло?
 
Гарчи Лайло кўзгу орқали жамолин аксини кўргузмаса-да, не учун Мажнун кўзгуда Лайло аксини кўриб қолгандек безовта бўлди?
 
Қуёшқа гаҳ қизармоқ, гаҳи сарғармоқ эрур андин,
Ки сунъунг боғида бор ул сифат юз минг гули раъно.
 
Қуёш нурининг бир қизариб, бир сарғайиб таралишининг боиси – Сенинг санъатинг ила яралмиш жаҳон боғларидаги юз минглаб қизил ва сариқ кийимларда товланиб юрган гули раънолардир. Яъни, уларнинг рангларидин қуёш нурлари ҳам таъсирланиб, ранг-баранг тусга киргай.
 
Недин юз гул очар ишқ ўтидин булбул киби Вомиқ,
Юзингдин гар “узорий” боғида гул очмади Узpo?
 
Вомиқ қандай қилиб ишқ ўтидин булбулдек сайраб юз гул очарки, агар Сенинг юзингдин баҳра олиб “Узорий” боғида жилва бирла Узро гул очмаса?
 
Каломингни агар Ширин лабида қилмадинг музмар,
Недин бас лаъл ўлур Фарҳоднинг қон ёшидин хоро?
 
Каломинг фасоҳатидин Ширин лабига жойлаштирмаган бўлсанг, нега Фарҳоднинг қонли кўз ёши тўкилгач тоғу тошлар лаълу маржонга айланаётир?
 
Жамолинг партавидин шамъ ўти гар гулситон эрмас,
Недин парвона ўт ичра ўзин солур Халилосо?
 
Жамолинг шуъласи шамъ алангасига тушганда у гулистонга айланишига ишонмаса эди, парвона Халилур-Раҳмонга ўхшаб доимо ўзини ўтга урармиди?
 
Малоҳат бирла туздунг сарвқадлар қоматин, яъни,
Ки мундоқ зеб бирла ул алифни айладинг зебо.
 
Сарвқад маъшуқалар қоматин шунчалик малоҳатли ва жозибадор қилиб яратмишдурсанки, алиф ҳарфининг зебо ва гўзал кўриниши ўшал сарвқоматларга ўхшашидандир!
 
Қаноатнинг далилин инзиво қилдинг яна бир ҳам,
Далил ушбуки, қониъ ҳарфидин халқ айладинг анқо.
 
Қаноат шундай бир буюк фазилатким, ҳар кимга ҳам у муяссар бўлмайди, балки анқо қушидек уни учратиш амримаҳол. Бунга далил – “қониъ” (қаноат қилувчи) сўзини терс ўқилса “анқо” сўзи келиб чиқади.
 
Навоий қайси тил бирла сенинг ҳамдинг баён қилсун,
Тикан жаннат гули васфин қилурда гунг эрур гўё.
 
Навоий Сенга қайси бир тил ила ҳамду сано баён қила олсинки, фаразан, тикан гапирувчи бўлса-ю, жаннатдаги гуллар васфини баён этмоқчи бўлса, соқов бўлиб қолади-ку!
 
Шайх Абдулазиз Мансур,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг ўринбосари