...Ҳар йили бегор[1] хизмати бошланганда, хоннинг ўзи Полвонота ва Шоҳобод арналарининг[2] қазувини назорат қиларди. Хонликдаги бошқа арна-ёпларга меҳтар, қушбеги, маҳрам ва ясовулбошилар масъул. Шунга қарамай, хон қазув якунланаётган кунларда бошқа бек­ликларни ҳам айланиб, қазувчиларга байроқ, мукофот улашиб, танга сочарди. Бу гал омад манғитликларга кулиб боқди – хон ўз сафарини шу бекликдан бошлашга қарор қилди...

Давра ўртасида Қурёз жарчи пайдо бўлди.

– Аҳа-ҳаййй! – қичқирди у олмадай семиз бурнини қўллари билан тўсиб. – Аҳа-ҳаййй! Эшитмадим деманглар, эшитганлар кетманг­лар! Хон ҳазратим мана шу халойиқ ичинда, отаўғли қазувчилар орасинда ўзи озода, сўзи покиза, иши шойиста одамларни, қарз қўймас намозхонларни ўринларидан турсинлар деб сўраётирлар! Энг сара, шойиста намозхонларни синаб-текшириб, аъло кўриб, сийлиқ бермоқчилар-аййй!
Давраларни тўлдириб ўтирган халойиқ ўринларидан гувва-гувва турди. Қурёз жарчи шоҳона чордоққа яқинлашиб, бош эгиб таъзим қилди. Чордоқдагилар чор-атрофда тим-тик турган одамларга аланглаб, саноғини ололмай кулишиб, ўзаро бош силкишиб нималарнидир маслаҳат қилишди. Хоннинг янги фармонини тинглаган жарчи яна давра ўртасига келди.
– Аҳа-ҳаййй! Хон ҳазратим бу ерда ҳар бир мусулмонга шойисталиги учун, камоли юксак ахлоқ-эътиқоди учун икки тилло-икки тилло шоҳона сийлов бағишладилар-аййй!
Давраларда ғала-ғовур кўтарилди, ҳамма бир-бирини икки тиллолик шоҳона сийлов билан қутлар, одамлар чордоқ томонга қараб таъзим қилишарди.
– Аҳа-ҳаййй! Хон ҳазратим буюрдиларки, Қуръони каримни бошидан охир ёд билувчилар ўринларидан тик турсинлар-да, қолган одамлар ўз жойина ўтираверсин. Ҳозир хон ҳазратим Қуръони каримни ёд билгич ҳофизларнинг мусобақасини ўтказажаклар! Кимда-ким ўзини етукман деса, ўн одим юриб, қур ичига чиқсин-ҳаййй!
Нариги соҳил томондаги давралардан ўттиз-қирқ чоғлик қазувчи, бериги соҳил томондан ҳам қирқ-эллик одам ажралиб келиб, мусобақага талабгорлар сафини тўлдирди. Талабгорларнинг жуда кўпчилик эканини кўрган хон Қодирбек ботирга, қозикалонга қараб нималардир деди, улар бош силкишиб маъқуллашдилар-у, жарчини имлаб чақирдилар. Қурёз жарчи чордоққа яқинлашиб эгилиб турди, сўнг яна ўртага чиқди:
– Аҳа-ҳаййй! Хон ҳазратим талабгорлар сони ҳаддан зиёд эканини кўриб, билиб, ишониб, буларнинг ҳар бирина-ҳар бирина бир гулнорий чопон ёпиб, буларнинг ҳаммаларини ҳайит байрамида Хивайи анжумороға таклиф этдилар-ҳаййй! Инди, шуларнинг ичинда кимда-ким мадраса билимларига етукман деса, ина шу чордоқдаги уламойи киромларнинг саволларина жавоб бераман деса, келаверсин-ҳаййй!
Томошаларнинг сўнги мана шундай ғаройибага айланиб кетгани ҳаммани қизиқтириб қўйган, бу кутилмаган имтиҳон – хоннинг бугун ўйлаб топган кашфиёти эди. Одамлар бошқа давраларни тарк этиб, шоҳона чордоқни ўраб олишган, “энди нима бўларкан, ким ғолиб чиқади?” деган қизиқиш билан имтиҳоннинг якунини кутишарди.
Уламолар билан савол-жавобни қойил қилган беш нафар қазувчи йигирма тиллодан мукофот олиб, ўз шериклари ёнига қайтишди. Чордоқ остида хушрўй, елкадор, қорувли бир йигитгина қолди. Уни ҳозир бўлиб ўтган савол-жавобларнинг ғолиби сифатида хонга рўпара қилишди.
– Хон ҳазратим, – деди савол-жавобнинг бошида турган Матқурбон маҳрам таъзим қилиб. – Бу йигитни ўзингиз ҳам синовдан ўткармасангиз, ҳайъатимизда инди берилажак савол қолмади. Нани сўрасак, жавобини гумбурлатиб айтиб тур, айтиб тур.
– Наларни сўрадинглар?
– Ина, домулла Лаффасий оғам гувоҳ, фиқҳми, тафсирми, кимёми, илми ҳол, илми қол... ҳар соҳадан сўраб гўрдик, жувобини пақиллатиб ташлаётир!
Хон ёнбошлаган ўрнидан тикланиб, мордош қуриб ўтирди, бахмал ёстиқни олдига олиб, дас­турхон атрофидагиларга бирма-бир боқди, сўнг яна ёнбошлади-да, гулнори тўнни икки қўлига ташлаб, бош эгиб турган йигитни имлади.
– Гал бари, ўғлим! Илоё, гўз тегмасин, қани, қозикалон билан қушбеги оғангдан ҳам икки-бир савол эшит...
Ўз билимини намойиш қилишнинг қулай имкони туғилганидан хурсанд бўлган қозикалон бир тебраниб олди-да, дарров савол ташлади:
– Ўғлим, боя жавоб қайтараётганингда сен ладуний илм ҳақида ҳам гапириб қўйдинг. Айт-чи, бу илм тафсилотини қайдан биласан?
Йигит қизариб кетди, сўнг бошини тиклади-да:
– Тақсир, – деди, – “Ғиёс ул-луғот” отлиғ мажмуада шуларни ўқиган эдим: “Ладуний илм Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган бандаларинигина сазовор қилувчи илоҳий илмдур...”
– Тўғри. Хўп, ладуний илм неча мартабага бўлинадур ва бул мартабалар кимларга ато қилинур?
– Ладуний илм уч мартабадур ва улар ваҳий, илҳом, фаросат деб номланадур. Аллоҳ таоло фаросатни сўфий кангулларга, илҳомни валийназар комилларга, ваҳийни эса пайғам­барларигагина ато қилади. Аллоҳ таолонинг  изн-рухсатисиз бу илмлар ҳеч кимсага насиб қилмас...
– Ҳаққат рост, ҳаққат рост! – бош силкиб маъқуллади қозикалон. Давра гувиллаб юборди.
Хон энди қушбегига юзланди. Қушбеги ўрнидан дик этиб турди-да:
– Э жўра, сан ҳамма илму фанни йиғнаб, хўп этиб ичиб олган кўринасан! – деб қичқирди кулиб. – Яхши! Ман сан билан жувоб уриштириб ўтирмайман, ман саноҳи нафиса – шеър баҳсина ўтаман!  Ина ҳозир бир байт ғазал айтаман, билсанг – давом эттир, билмасанг – пайравлик қилиб ўзинг изини тўқиб-тирка! Ина, ман бошладим...
 
Бу оқшом келди ул дилбар адаб бирла салом айлаб,
Ўлук жисмимға жон берди Масиҳосо калом айлаб...
 
Қушбеги икки қатор ғазал ўқиди-ю, хонга мулойим кулиб боқди, бош эгиб енгил таъзим қилди. Кеккайиб ўрнига ўтираркан:
– Қани, сўз сиза! – деди йигитга қичқириб. – Дим бўлмаса, ғазалнинг муаллифини айтарсан, ахир?!
Томошабинлар қимир этмас, даврани сукут босган, ҳамма одам мана шу қорача йигитнинг сўнгги имтиҳондан ҳам ўтиб, ғолиб чиқишини якжону якдил кутар, йигит эса жим, жим эди. 
Бундай юрак ўртовчи жимлик яна қанча давом этаркан? Наҳотки, йигит ҳеч бўлмаганда ғазал муаллифини эслай олмаса?! Тўғрисини айтганда, Хоразмда ким кўп – шоиру ғазалхон, талқинчи кўп. Қолаверса, амир Алишербекнинг “Тун оқшом келди кулбам сори ул гулруҳ шитоб айлаб” деб бошланувчи машҳур ғазалига эргашиб назира битган шоирлар ўтмишда ҳам кўп эди, ҳозир ҳам. Энди эса, (ё Раббий!) маррага етдим деганида йўли кесилган йигитнинг олдида уч имкон бор. Бири – ғазални давом эттириб, муаллифни айтиш, иккинчиси – ғазал давомини ўзи тўқиб-тиркаш (бунинг учун одам шоир бўлмоғи керак!). Учинчи имкон эса, Худо кўрсатмасин, – ҳозиргача қўлга киритилган сийлиқларни қушбеги оғанинг олдига қўйиб, даврани бош эгиб тарк этиш, яъни мағлубликни тан олиш! Улкан қур-давраларда қадим-қадимдан бери юриб турган таомил – шу, бошқа илож йўқ, ахир... Йигит эса... Йигит эса хиёл кулимчирой бериб, хонга таъзим қилди-да, ғазалнинг давомини ўқиди:
 
Шабистонимни қилди оразининг меҳридан равшан,
Олиб рухсоридан парда, қуёш янглиғ хиром айлаб...
 
Шу пайт кутилмаганда хон ўрнидан қалқиб турди, гавдасини тиклади, устидаги зарчопонини ечди-да, ажиб бир илжайиш, ифтихор билан йигитни кузатиб, яна ўтирди – қорача йигит мушоирада ҳам ғолиб чиқаётгани аниқ бўлди-қолди!
– Қушбеги оға, – деди йигит, – сиз бошлаган ушбу ғазал хон отамизнинг қаламларига мансубдир, агар тўғри топган бўлсам, ғазал бундай тугалланади:
 
Ёри ушшоқини Феруз сармасти баҳор этти,
Илоҳо, шод эт они барчадин олиймақом айлаб...
 
Қушбеги оға:
– Офарин, бола, офарин! – деб қийқириб юборди. Буни эшитган даврадагилар гувиллаб йигитга олқиш ёғдирди.
– Ўғлим, яқинроқ гал!
Йигит хоннинг ёнига келиб, бош эгди.
Хон ёнидаги зарчопонини силкиб-силкиб, йигитнинг елкасига ташларкан:
– Сен бу ғазални қайдан ёд биласан? – деб сўради. – Буни ёзганимизга ҳали уч ой ҳам дўлмади, бирон-бир девонимизга-да киритмаганмиз...
– Хон отам, боя томоша бошланишида, созандалар мақомга тушганларида Муҳркан бобо “Рост” мақомини мана шу ғазал билан талқин қилдилар. Эшитиб ўтирсам – янги ғазал. Дарҳол мен ҳам устозга эргашиб, байтма-байт қайтариб ўтирдим...
– Офарин! Соғ бўл, ўғлим! Одинг на?
– Жумабой...
– Аслинг қаердан?
– Омонйўлдан, хон ота.
– Жумабой, уй қилганмисан, ўғлим?
– Ҳовванг, хон ота, икки фарзандимиз чопқиллаб юрибди...
– Аса, бундай қилсак, сизни Бухоройи шарифга мадрасага тавсия қилсак, на дейсиз?
Хоннинг сизлаб турганидан ҳовлиқиб кетган Жумабой бу таклифни эшитиб, баттар эсанкираб қолди.
– Қарорингизни айтинг, ўғлим!
– Хон ота, мен... мен... икки бола...
– Уйингиз, аҳли оилангизнинг ҳимоясини, нафақасини таъмин қилсак, сиз уч-тўрт йил таҳсил кўриб келасизми? Жуда хотиржам бўлмоғингиз учун, аҳли оилам билан кўчиб, ўқиб келаман десангиз, бунинг ҳам таъминотини яратиб берамиз, ўйланиб кўринг, ўғлим! Сизнинг зеҳн-заковатингиз халқимизга илм йўлида наф келтиргани ақлдан эмасми?
– Қуллуқ, хон ота, қуллуқ! Мен... Мен... албатта айтганингиздай ўйланиб кўраман, маслаҳат оламан...
– Яшанг! Биз ҳам маслаҳат қиламиз...
 
Музаффар АҲМАД
 

[1] Бегор – 12 кунлик мажбурий сув йўлларини тозалаш ҳашари.

[2] Арна – анҳор, канал.