Китоб ўқиш инсон иродасини мустаҳкамлайди, уни тўғри йўлга йўллайди, хатолардан хулоса чиқаришга ўргатади". Доимо шундай ўйлардим. Йиллар ўтгани сайин бу фикрим қатъийлаша борди. Фақат бугун... ҳозир унга қўшимча киритишга эришдим: "шукр қилишга ўргатади". Ушбу хулосага Тоҳир Маликнинг "Мурдалар гапирмайдилар" китобини  учинчи маротаба ўқиб чиққанимдан сўнг келдим.

Ушбу асарни олдин ҳам ўқиганман. Аммо бугунгидек рангин таассуротга эга бўлмаган, ҳозиргидек мулоҳаза юритмагандим. Бу гал китобни шунчаки варақлаш учун қўлимга олдим, сўнг эса худди мутолаани янги бошлагандек ундан ажралолмай қолдим. Ўқиб бўлганимдан сўнг дилимда шундай ўйлар ўтди:

– Ё Қодир Аллоҳ, Ўзингга беадад шукр!  Мен ожиза банданг­ни ота-она неъматидан бебаҳра этмаганинг, уларни-да тўғри йўлга йўллаганинг учун беҳисоб шукр! Атрофимдаги яқин инсонларни адаштирмаганинг, менга айнан уларни ҳамроҳ этганинг учун беҳад шукрлар бўлсин Сенга! Қалбимга ҳидоят нурингни солганинг учун шукр! Мени тўғри йўлга бошловчи илмдан бебаҳра этмаганинг учун шукр ! Шукр....

Хуллас, ҳаётимдаги барча-барча нарсалар учун қанча шукр қилсам камдек туюлаверди. Китоб қаҳрамонларининг ҳаёт йўллари, бошдан кечирганлари мени шундай мулоҳаза қилишга чорлади. Шу аснода бир ҳақиқатни англаб етдим: аслида, ҳаёт китоби саҳифаларини шу тахлит ўқишимиз; ундаги ҳар бир воқеа-ҳодисани тадаббур қилиб, хулоса чиқаришимиз ва ўз  "йўлимиз"ни топа билишимиз керак. Зеро, фикр юритиши лозим бўлган онгнинг озуқаси илм, унга кўмакдошлик қилувчи тарбия тўғри бўлса, иншааллоҳ, оқибати ҳам хайрли бўлади. Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қилиб яшаш кишини фақат ва фақат яхшиликка бошлайди.

 

Нигора МИРЗАЕВА