Ватан! Гўдаклигимизда эшитган сеҳрли аллалар, бобо-бувиларимиз бизга айтган қизиқарли ва пурмаъно эртаклар. Уларни таърифлашда сўзлар хазинасидаги дуру гавҳарлар камлик қилади. Ватан битта, у ягона ва бетакрор. Шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг ўз Ватани – она юрти бўлади. Инсон  ана шу юрт учун ҳар бир ишга тайёр туриши, унинг равнақи ҳаёти-мақсадининг асосий мезони бўлиши керак. Зеро, она юрт учун хизмат қилиш энг буюк, энг олий бурчдир. 
Президентимиз Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк  келажаги йўлида хизмат қилиш энг олий саодатдир” номли асарларини ўқиганда, буларни теранроқ англаймиз. Саҳифалардан халқимиз тарихининг оғир даврларини, миллатимиз бошига тушган азоб-уқубатларни билиш билан бир қаторда, бугунги кунда ўз олдимизга қўйган режаларимиз, орзу-интилишларимиз ҳамда эришилган ва эришилажак ютуқ ҳамда марраларимиз ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўламиз. 
 “Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик? Эртага ким бўламиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” Асарни ўқиган инсон ана шу саволларга жавоб олади. Ватани, халқи олдидаги бурчни англаб етади. Бундан ташқари, яна ушбу китобда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар, ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар, қадимий ва янги тарихимиз ҳақида,  Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари далилларга асосланган ҳолда баён қилинган.
Президентимизнинг бу асарларини ўқигач, қалбга ифтихор тўлади, аждодларга муносиб авлод бўлиб, Ватанимиз барча соҳаларда янги-янги марраларни эгаллашида муносиб ҳисса қўшайлик, деган шиоримиз яна ҳам қатъийлашади.
 
Ҳуснигул ҲАЛИМОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус
Ислом билим юрти мударрисаси,
Нилуфар РАҲМАТОВА,
1-босқич талабаси