Она – фолбин, ўғил – судхўр. Ўғил онасининг ёрдамида оёққа туриб олган. Иккаласининг сердаромад “касби” ортидан хонадонга мўмай пул сувдай оқиб келарди.
Кунларнинг бирида мазкур хонадонга фоизга пул сўраб, Ягона исмли бир аёл келди. У жуда ҳам сўзамол эди. “Жоним, жоним” деб одамга жон томиридан ҳам яқин бўлиб оларди. Жуда уддабурон, будли-шудли эди, айтган сўзининг устидан чиқарди. Икки-уч бор ҳафта, ўн кунга олган пулларини бошқалардан каттароқ фоизда, келишилган вақтдан бирон кун ҳам кечиктирмай қайтарди. Хонадон эгаларининг унга ишончи ортди. Ягона бу уйга қуруқ қўл билан келмасди. Оила аъзоларининг туғилган кунларида, байрамларда уларни совға-саломга кўмиб ташлар эди.
Шу тариқа Ягона бу хонадоннинг қадрдонига айланди. Уй эгалари катта ишларга қўл уришдан олдин Ягонадан маслаҳат сўрайдиган, нозик масалаларини сирлашадиган бўлишди. Хонадон соҳиблари бундай омадли йўлдош учраганидан, фойдага фойда қўшилаётганидан хаёлан кўкларда учиб юрарди.
Шундай фараҳли кунларнинг бирида Ягона улардан уч кунда қайтариш шарти билан катта миқдорда пул сўради. Уй эгалари дарҳол бу пулни муҳайё қилишди. Роппа-роса уч кун ўтгач, қўлида катта елим пакет кўтарган Ягона пайдо бўлди. Фолбин аёлга: “Мана, аяжон, бу пуллар сизга, совғалар эса жиянларимга”, деди. Уч кунда катта фойда ва бир талай совға-салом олган фолбин ҳали лаб-лунжини йиғиштириб олмасдан Ягона яна катта фойдадан гап очиб: “Аяжон, ўн кундан сўнг жуда катта бир “операция” бор, шунга уч юз йигирма миллион керак, сиз ҳам, мен ҳам фойданинг тагида қоламиз”, деди. Айни вақтда бундай катта маблағи бўлмаса-да, она-бола Ягонага ўн кун ичида топиб беришга ваъда қилишди.
Она-бола шунча пулни топиб, “ишончли” қўлга тутқазишди. Ягонахон эса раҳмат айта-айта пулни олди-ю, ғойиб бўлди. На ерда, на кўкда ундан хабар бор. Одамларга фол очиб келажагини “башорат” қиладиган, йўқолган нарсаларнинг қаерда эканини айтиб берадиган аёлнинг фоли ўзига келганда иш бермай қолди. У на келажакни кўра билди, на оёқ остини. Улар қолган-қутган пулларини йиғиб, тилла тақинчоқларини, машиналарини сотиб, кимларнидир ёллаб, ҳатто қўшни давлатлардан Ягонани қидиришди. Аммо ҳеч ким уни топа олмади.
Уйда эса ҳар куни жанжал. Она болани, бола онани нопокликда айблайди. Нима эмиш, она фол кўриб рўзғорга ҳаром аралаштиргани боис шу кўргулик юз берган эмиш, онанинг наздида эса, ўғил судхўрликка, шариат тақиқлаган ишга қўл урмаса, бу воқеа юз бермас экан...
 

Дамин ЖУМАҚУЛ