Илмга оид ҳадисларнинг назмий талқини

“Ҳар бир мусулмонга талаби илм қилиш фарздир”.

Ақлинг бут эса гар, эсда тут ҳар он,
Илм неъматидан эзгу йўқ, ўғлон.
Илм олмоқ ҳар бир мўминга фарздир,
Илм ила комил бўлғуси инсон!..


“Одамларнинг ёмони одамлар орасидаги ёмон олимлардир...”

Ношуд олим бўлса, у мисли ағёр,
Илм толибларин қилади абгор.
Бешак шулар эрур элнинг ёмони,
Улкан юртни қилур офатга дучор.

“Олим билан обиднинг фарқи мен билан сизларнинг кичикларингиз ўртасидаги фарқчадир”.

Обиддан устундир олим ҳикмати,
Ибодатдан афзал илм тоати.
Олиму обиднинг фарқин бўйлаким,
Ончадир уммат-ла набий қиймати.

“Илоҳи, мени илмга бой қил ва ҳалимлик билан беза, тақводорлик билан ҳурматли қил, тани сиҳатлик билан чиройли қил”.

Тангрим, илм ганжи-ла айлаб муаззам,
Ҳалимлик нақши-ла қил мени кўркам.
Соғлик ила бериб танимга оро,
Мени тақво ила айла мукаррам.

“Беш хислат мавжудким, қози улардан бирида хатоликка йўл қўйса, ўзига гуноҳ орттиргай. Булар – фаҳм-фаросатлилик, хушмуомалалик, ҳалоллик, матонатлилик ва илмга чанқоқлик”.

Қозига беш хислат лозимдир ҳар чоқ,
Фаҳму фаросат-ла иш кўрсин мутлоқ.
Ҳалоллик, матонат касб этиб тугал,
Хуш калом бўлсину, илмга чанқоқ!..

“Илмни ўрганиб уни ҳеч кимга ўргатмайдиган одам бойликни тўплаб, уни ҳеч (нарсага) сарф қилмаётган бахилга ўхшайди...”

Илмни эрта-кеч олиб муттасил,
Бировга ўргатмай яшаган сабил.
Беадад бойликни йиғиб у гўё,
Ҳеч бир кимга раво кўрмаган бахил!..


“Олим бўл (илм олувчи бўл) ёки илм ўрганувчи бўл ёки тингловчи бўл ёки илмга ва илм аҳлига муҳаббатли бўл. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўлгайсан”.

Бўл илм зиёсин тарқатувчи олим,
Ё бўлгил фидойи чин толиби илм.
Ёки илм аҳлига муҳаббатли бўл,
Вале терсин қилсанг, топгайсан ўлим...

“Илму ҳунарни Хитойдан бўлса ҳам бориб ўрганинглар”.

Илму ҳунар йўли эрур машаққат,
Зиёкор бўлмоқ-чун керак матонат.
Илм ол, изланиб Чиндан бўлса ҳам,
Илму ҳунар берур элга саодат...

“Бир соат илм ўрганиш кечаси билан (нафл) намоз ўқиб чиққандан афзалроқдир. Бир кун илм ўрганиш уч ой рўза тутгандан яхшироқ...”

Узун тун ухламай ўқишдан намоз,
Бир соат қунт ила илм олганинг соз.
Заҳмат чекиб бир кун илм ўрганмоқ,
Уч ойлик рўзадан афзалдир ҳамроз...

“Толиби илмга ҳар бир нарса истиғфор айтади, ҳатто денгизда балиқлар ҳам...”

Умринг харжлаб бўлгил илмга харидор,
Илм талабин қилмоқ фарз эрур зинҳор.
Толиби илмга бор олам, ҳатто –
Денгиз балиғи ҳам айтур истиғфор...

“Ибодат фазилатидан кўра илм фазилати менга севимлироқдир...”

Инсон кўрки эрур илм зийнати,
Бор хислатдин аъло илм ҳикмати...
Гоҳи ибодатнинг фазлидан кўра,
Менга севимлидир илм фазилати...

Нусратуллоҳ КАРИМХОН