Фахри коинот, сарвари олам, Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мадҳларида кўплаб шоирлар қасида, шеър ва ғазаллар битган. Саодат асри шоирларидан Ҳассон ибн Собит билан “Қасидаи бурда” муаллифи Каъб ибн Зуҳайр шахсан Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг илтифотларига сазовор бўлган. Кейинги замон шоирлари ҳам бу анъанани давом эттириб, бадиий адабиётда алоҳида наът йўналиши пайдо бўлди.

Мумтоз туркий адабиёт намояндалари орасида девонларини Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбаримизга наът билан бошлаш қатъий қоидага айланди.

Қуйида улуғ озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий (1498–1556) қаламига мансуб “Сув” қасидасининг айрим байт­лари таржимаси ва шарҳи билан танишасиз. Қасида шоирнинг Бокуда 1988 йили чоп этилган “Танланган асарлар”идан жой олган. Бу қасиданинг табдили ва мухтасар нас­рий баёнини таниқли шоир Усмон Қўчқор ҳам эълон қилган*. Биз қасидани имкон қадар таржима қилишга ва шоир қўллаган мажозий рамзларни диний нуқтаи назардан изоҳлашга уриндик.

Сочма, эй кўз, ишқдан кўнглумдаги ўтлора сув,
Чор тарафни чирмаган оташга қилмас чора сув.

Эй кўз! Кўнглимдаги олов-оташга ёшларингни сепма, чунки ҳар тарафни чулғаб олган ишқ оташини ҳеч қандай сув сўндира олмайди, ишқ оловини сўндириш учун сув чора бўлолмайди.
 

Сувга берсун боғбон гулзори, заҳмат чекмасун,
Гулюзингдек гул очилмас, берса минг гулзора сув.

Боғбон гулзорини сувга бостириб, маҳв этаверсин, бекорга овора бўлмасин. Чунки у гулзорини минг суғориб, парваришлагани билан у ерда Сизнинг юзингиздек чиройли гул очилмайди.
 

Оразинг ёди-ла намнок бўлса мужгоним нетар,
Зое кетмас гул таманноси-ла бермак хора сув.

Сизнинг муборак рухсорингиз ёди билан киприкларим намланса нима бўлибди? Гулга етишиш учун, унинг кўчати, тиканини суғоришга сарфланган сув беҳуда кетмайди.

Ғам куни этма дариғ бемор дилдан хуш назар,
Хайрдур бермоқ қоронғу кечада бемора сув.

Ғамга тўлган кунимда (Қиёматда ёхуд сўнгги нафасимда) муборак назарингизни, марҳаматингизни мендек ишқингиздан дили бемор ғарибдан дариғ тутманг. Зеро, қоронғи кечада чанқаб ётган хастага сув бериш беҳад хайрли амалдир.

Мен лабинг муштоқиман, зуҳҳод Кавсар толиби,
Чунки мастларга май ичмоқ хуш келур, ҳушёра – сув.

Мумтоз адабиётда “май” илоҳий ишқни, “маст” эса, ана шу ишққа “чалинган” ошиқни ифодалайди. Шоир айтмоқчи: “Мен ишқингиз майидан мастман. Менга сизнинг хушнудлигингиз, розилигингиз кифоя. Зеро, мастлар яна май истаса, ҳушёрлар сув ичишни ёқтиришади. Ошиқларнинг талаби – Аллоҳнинг розилиги. Аллоҳ розилиги эса расули ризосига боғлиқдир. Зоҳидлар эса, Кавсар ҳовузига талабгор.

Равзаи кўйингга ҳар дам тўхтамай айлар гузар,
Ошиқ ўлмиш ғолибо ул сарви хушрафтора сув.

Сув ҳар доим Пайғамбар (алайҳиссалом)­нинг жаннатмонанд кўчасига боришдан тўхтамаяпти. Афтидан, сув ҳам ул сарви хушрафторга (Муҳаммад алайҳиссаломга) ошиқ бўлган кўринади.

Қўлларин ўпмоқ таманносий-ла ўлсам, эй рафиқ,
Кўза айла тупроғимдан, тут анинг-ла ёра сув.

Эй дўст! Менинг энг катта орзуим у зот (алайҳиссалом)нинг муборак қўлларини ўпишдир. Агар шу орзумга етолмай ўлиб кетсам, тупроғимдан кўза ясаб, унда ул ёрга сув бер!

Тийнати покини равшан қилмиш аҳли олама,
Иқтидо қилмиш тариқи Аҳмади мухтора сув.

Холиқи олам ҳазрат Муҳаммад (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг покиза табиати, гўзал ахлоқи билан борлиқни нурга тўлдиргач, Аҳмади мухтор (сайланган Пайғамбар)га аввало сув тобе бўлди ва муборак хулқлари, ҳаракатларидан ўрнак олиб, у зотга ўхшашга интилди. Шу боис оқар сув покиза ва покловчидир.

Саййиди навъи башар, дарёйи дурри истифо,
Ким, сепибдур мўъжизоти оташи ашрора сув.

Инсон зотининг сараси, камёб дуру жавоҳир­лар дарёси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилишлари биланоқ мўъжизалар рўй берди: мажусийларнинг юз йилларча ўчмай турган шарорат олови сўнди.

Тинглаган борки ажабдан тишлагай бармоғини,
Бармоғингдан берганинг шиддат куни ансора сув.

Ўша қийин кунда ёрдамчиларингиз (саҳобаларингиз)га бармоғингиздан сув чиқариб кўрсатган мўъжизангизни эшитган кимса борки, ҳайратдан бармоғини тишлаб қолади.
Изоҳ: Машаққатли кунда (саҳродаги юришлардан бирида) саҳобалардан ҳеч кимда сув қолмади, яқин-атрофда ҳам сув топилмади. Шунда Пайғамбаримиз судоълик саҳобаларига идиш тагида қолган озгина сувни келтиришни буюрдилар ва унга дуо ўқиб, қўлларини ботирдилар. Шу заҳоти бармоқлари орасидан шариллаб сув оқа бошлади. Бутун карвон аҳли мешларини тўлдириб олишди.

Зикри наътинг вирдини дармон билур аҳли хато,
Ўйлаким дафъи хумори-чун ичар майхора сув.

Ё Расулуллоҳ! Илоҳий ишқ майидан бир сипқорганлар хуморини бостириш учун яна ва яна ичгиси келган каби, гуноҳкорлар ҳам Сизнинг наътингизни тилларидан қўймай так­рорлашади ва буни дардларига дармон деб билишади.

Мен сенга муштоқман, Хайрул башар, Дўсти Худо!
Ўйлаким, лабташналар ёниб тилар ҳамвора сув.

Эй Аллоҳнинг дўсти, одамларнинг энг яхшиси! Мен Сизга чанқоқдан лаблари қақраганлар жўровоз бўлиб сув сўрагани, сувга муҳтож бўлганидан ортиқроқ даражада муҳтожман.

Сенсан ул баҳри кароматким, ўшал Меърож туни,
Шабнами файзинг таратмиш собиту сайёра сув.
Сиз шундай каромат денгизидирсизки, Меърож кечасида оқар сув каби баракотингиздан сочилган шудринг томчилари собиту сайёра – бутун юлдузларга тарқалди.

Чашмаи хуршиддан ҳар дам зилоли файз инар,
Ҳожат ўлса марқадинг таждид этар меъмора сув.

Муборак қабрингизни таъмирлашга эҳтиёж туғилса-ю, бу ишни бажараётган меъморга сув керак бўлса, унга ҳар доим қуёш чашмасидан файзу баракотли, тотли, тиниқ ва пок сув тушади.

Ваҳми дўзах нори ғам солмиш дили сўзонима,
Бор умидим – абри эҳсонинг сепар ул нора сув.

Дўзах қўрқуви куйган дилимга ғам ота­шини солди. Сизнинг эҳсон булутингиз сув сепиб, дилимдаги оловни сўндиришига умид қиламан. Токи шафоатингиз муждасидан дилимни ўртаётган дўзах қўрқуви кетсин.

Юмни наътингдан гуҳар ўлмиш Фузулий сўзлари,
Абри найсондан дўнандек луълуи шаҳвора сув.

Ривоятларга кўра, сурёний ойининг еттинчисида ёққан ёмғир томчиси денгиздаги садаф ичига тушади ва шу томчидан шоҳона гавҳар ҳосил бўлади. Шоир шу ривоятга ишора қилган ҳолда, Расулуллоҳни мадҳ этиши билан, ўзининг оддий сўзлари ҳам садафдаги дур каби азиз бўлганини фахр билан таъкидламоқда.

Умидим улдурки маҳрум қолмагайман рўзи Ҳашр,
Чашми васлинг берадур ман ташнаи дийдора сув.

Маҳшар куни Сиздан, Сизнинг шафоатингиздан маҳрум қолмасликдан, бирор соя бўлмайдиган у жазирама Кунда вуслат булоғи (муборак назарингиз) менинг иссиқдан жизғанак бўлган юзимга сув сепишидан умидворман.

Нўъмон Абдулмажид
таржимаси ва изоҳи.

*http://kh-davron.uz/kutubxona/turk/fuzuliy-suv-qasidasi-tabdil-va-bayon.html