Ўзбек адабий тилининг юксалишида ҳазрат Алишер Навоийнинг улкан хизматлари бор. У зот бу тилда 54 000 байтдан иборат “Хамса” асарини ёзди. Тилимизнинг имкониятлари бошқа тиллардан кам эмаслигини “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида асос­лаб берди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи бундай дейди:

Чу мен назм аро тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
Олиб мен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитойдин то Хуросон.

Яъни, мен назмда алам (байроқ) кўтариб, мамлакатни якқалам – якдил қилдим. Хитойдан то Хуросонга қадар жойни қўшинсиз эгалладим. Замондош шоиримиз Абдулла Орипов шу мисралар таъсирида “Темур тиғи етмаган жойни, қалам билан олди Алишер”, деб ёзган эди. Ҳазрат Навоийдан сўнг тилимиз ривожига Заҳириддин Бобур, Огаҳий, Муқимий ва Фурқат каби ижодкорлар ҳам салмоқли ҳисса қўшди.

Ўзбек тили ривожига улуғ адибларимиз ҳам назмий ва насрий асарлари билан катта таъсир кўрсатдилар. Озод Шарафиддинов ибораси билан айтганда, бугун сиз билан биз гаплашиб турган тил Чўлпонники. Яъни Чўлпон шеърлари таъсирида шаклланган.

1989 йили тилимизга давлат тили мақоми берилиши халқимиз ҳаётидаги жуда катта тарихий воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бугун  ўз она тилимизда фикри­мизни билдирамиз, ҳатто халқаро битимларни ўз тилимизда имзоламоқдамиз.

Бироқ надоматлар бўлсинки, кўча-кўйда, жамоат жойларида, ҳатто оммавий ахборот воситаларида ҳам тилимиз қоидалари бузиб гапирилаётганига, ёзилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу жуда юмшоқ қилиб айтганда, адабий тилга ҳурматсизликдир.

Машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор: “Нега йўл қоидасини бузган одамга йўл патрул хизмати ходими ҳуштак чалади-ю, гапириш қоидасини бузганларга ҳеч ким эътироз билдирмайди?!” деган эди. Ҳа, тилимизнинг гўзаллигига ва бойлигига путур етмаслиги учун уни яхшилаб ўрганиш, сўз бойликларини ўзлаштириш ва улардан ўринли фойдаланиш маънавий бурчимиздир. Абдулла Авлоний айтганидек: “Миллатнинг борлигини кўрсатадиган ҳаёти айнан тили ва адабиётидур”.

Мулоқотларда чет сўзларни ўринсиз қўллашдан сақланайлик. Негаки, тилимизда ҳар қандай мақсадни ифодалаш имкониятлари кўп. Унинг бошқа тиллардан “сўз қарз олишга” эҳтиёжи йўқ.  Шоир айтганидек, ўз тилимиз ёрдамида ҳатто булбулнинг навосини ҳам шеърга солиш мумкин:
 

Минг йилдирки, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Лекин шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Боборавшан РАСУЛОВ,
Тошкент ислом институти талабаси