XXI аср техника тараққиёти асри бўлиш билан бирга, анча мураккаб ва таҳликали кечмоқда. Дунёнинг турли бурчак­л­арида нотинчликлар, қирғинбаротлар, фитна-нифоқлар авж олмоқда. Шу сабаб мафкуравий хуружларга илмий-маърифий раддиялар беришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

“Дунё уламолари мурожаати” асарида ана шу жиҳатлар кенг ёритилган. Асарда юртимиз ва ислом оламида катта нуфузга эга бўлган уламоларнинг динимиз мусаффолигини сақлаш, уни турли-туман туҳматлардан, эътиқодимизга мутлақо зид бўлган фитналардан ҳимоя қилиш  ҳақидаги маърузаларидан намуналар келтирилган. Китобда уламолар диний экстремизм, терроризм ва радикализмни қоралайдилар. Динни ниқоб қилиб олиб, ғўр ёшлардан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётган бузғунчи кучларга соф ислом ақидаси асосида муносиб рад­дия­лар берилган.

Асардаги диққатга сазовор яна бир мавзу “Замонавий медиа воситаларидан фойдаланиш одоб­лари” бўлиб, бугунги кунда турли ахборот технологиялари, жумладан, ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш ҳақида батафсил маълумот берилган. Масалан, ушбу китобда бундай дейилади: “Маълумотларни тарқатиш олдидан қатъий позицияга эга бўлиш лозим. Яъни, бирор хабарни ёзиш ёки ўзгалар томонидан қолдирилган маълумотларни тарқатишдан аввал ҳар бир киши бу маълумот дину диёнатига зарар етказмайдими, ўзгалар шаънини топтамайдими, бировнинг ҳақини ботил йўл билан ейишга олиб келмайдими ёки оиласи, ўзи туғилиб ўсган юртига зиён келтирмайдими – ана шулар ҳақида холис фикр юритмоғи керак. Ким нима деса, шуни маъқуллаб, таг-тугини суриштирмай, дуч келган хабарни тарқатиш мусулмон кишига хос иш эмас. Ота-она ўз фарзандига ҳаёт учун асқотадиган йўл-йўриқ ва маслаҳатларни доимий бериб боргани каби замонавий ахборот воситалари, айниқса, интернетдан фойдаланиш маданиятини ҳам ёшлигидан ўргатиб бориш керак. Ўзи, оиласи ва Ватанига зиён етказадиган маълумот ва хабарларни излаш, ўқиш ва тарқатиш гуноҳ эканини тушунтириш лозим”.

Китобхон асарни ўқиб чиқиб, ислом – илм-маърифат, бунёдкорлик, тинчлик дини эканини теран англайди.

Зафар ХАЙРУЛЛАЕВ, “Зиё” студияси директори