Имом Абу Исо Термизий ҳадис иллатлари мавзуида икки китоб тас­ниф қилган: “Илалул-кабир”, “Илалус-сағир”. Аммо “Илалул-кабир” китоби бизгача тўлиқ етиб келмаган. “Илалус-сағир” китоби эса мусаннифнинг “Сунани Термизий” китоби охирида берилган.

Ҳофиз Абу Абдуллоҳ: "Илал илмини Аллоҳ таоло жуда кам кишиларгагина насиб қилган", дейди. Чунки у илм ровийлар томонидан йўл қў­йилган баъзи хато ва камчиликларни аниқлайди.

Имом Абу Исо Термизий айтади: “Илал хусусида узоқ вақт мулоҳаза ва фикр юритдим. У ҳақда сўралганида ўз нуқтаи назаримни очиқ-ойдин айтмадим. Сабаби, ровийларнинг хато ва камчиликларини айтиш ғийбат бўлади, деган уламолар бор эди. Бир қанча машҳур муҳаддислар, хусусан, Имом Бухорий билан бир неча марта мулоқотда бўлганимдан сўнг, мазкур фикрга алоқадор ривоятларни эшитганимдан кейин илал масаласини ошкора қилишга жазм этдим”.

“Сунани Термизий”нинг шарҳида Ибн Сириндан бундай ривоят қилинади: “Авваллари кишилар ҳадис исноди ровийлари ҳақида сўрамас эди, турли фитналар воқе бўлгандан сўнг иснод тўғрисида кўп суриштириладиган бўлди, токи, кишилар суннат аҳли ривоят қилган ҳадисга амал қилиб, бидъат аҳли ривоят қилинганига амал қилмасинлар”.

Юқорида зикр қилинганидек, Имом Абу Исо Термизий ҳам бош­қа барча муҳаддислар сингари ҳадис иснодига, яъни ровийларига алоҳида аҳамият берганлар. Мусанниф ўз китобида Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинган иснод тўғрисидаги таълимотни келтирганлар: «Иснод, – дедилар Абдуллоҳ ибн Муборак, – мени наз­димда баъайни диндур. Агар иснод бўлмаганда эди, ким нимани хоҳласа, ҳадис деб айтаверарди».

Имом Абу Исо Термизий ўз асарида бундай дейди: "Айрим аҳли ҳадислар, масъулиятни билмайдиган баъзи кишилар ровийлардаги камчиликни ошкора қилганимиз учун бизни айбладилар. Лекин тобеин уламоларнинг бир қанчалари ровийлар нуқсонларини биздан илгари ҳам айтган эдилар.

Иллатлар тўғрисида уламолар айтган фикрларни аҳли ҳадислар ёзиб қолдирганлари мусулмонлар ҳаётида туганмас бир маъдандир. Агар уларнинг шундай таснифотлари бўлмаганда эди, бу илмни ҳеч ким билмас эди”.

Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг “Шарҳи илал”ини ўрганган Иордания университети олими доктор Хамом Абдурраҳим Саид Имом Термизийнинг мазкур китобидан кўзлаган асосий мақсадларини баён қилиб, бундай дейди: “Мусанниф ўз китобида ровийларни тўрт қисмга бўлади:

1) ривоятларида хатога кам йўл қўйган сиқот ҳофизлар;

2) ривоятларида ғалат ва хатога йўл қўйган сиқотлар;

3) ривоятларида хато эҳтимоли кўп бўлган ровийлар;

4) ёлғончилик иллати бор деб гумон қилинган ровийлар”.

Имом Абу Исо Термизийнинг “Китобул илал”и илал илми тўғрисида тасниф қилинган китоблар орасида энг аҳамиятлисидир. Шубҳасиз, Имом Абу Исо Термизийнинг “Китобул илал” асари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳадислари софлигини сақлашда бебаҳо қўлланма ҳисобланади.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири