Хайрулла ТУРМАТОВ, 
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
 
“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби жамиятимизда қизиқувчан, талабчан ёшларимизнинг айнан интернетдан фойдаланиш борасидаги илм ва савияларини оширишда катта аҳамиятга эгадир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларни ҳар бир замонда рўй берадиган турли хил фитналардан огоҳлантириб, бундай деганлар: “Фитна уйқудадир, Аллоҳ уни уйғотган кимсани лаънатлайди”. Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда фитнани уйғотишга уринаётганлар жуда кўп. Ундаги маълумотларнинг ишончли эканлигига ҳеч ким кафолат бермайди. Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, дея марҳамат қилган (Исро, 36)
 
Бу борада Муҳаммад ибн Сирин (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: “Бу илм (яъни, диний илм) диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! эътибор беринг!” (Имом Муслим ривояти)
 
Эътибор берайлик, ижтимоий тармоқларда тақвога ва илмга даъвогарлик қилаётган, насл-насаби номаълум кишиларнинг қай бири илм ўргатишга муносиб?
 
Китобда фитна қўзғалган вақтда кўриладиган чора-тадбирлар кенг ёритилган бўлиб, мана бу ҳадис келтирилади: Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Тез орада фитналар тарқалади, (у пайтда) ўтирган тургандан яхши, турган юргандан яхши, юрган (фитнага) интилгандан яхшидир. Ким фитнага яқинлашса, у (фитна) уни ҳалок қилади, ким (фитнадан) ҳимоя қиладиган бошпана топса, ўша жойда ҳимоялансин” (Имом Бухорий ривояти).
 
Ушбу китоб бугун халқимиз, айниқса, ёшларимизни интернетдаги турли хил фитна ва хуружлардан асраш борасида муҳим манба бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.