Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат миллатимизнинг чинакам фарзанди, нурли ва буюк қалб эгаси эди

Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат миллатимизнинг чинакам фарзанди, нурли ва буюк қалб эгаси эди. У зот бутун умрини халқ маънавиятини юксалтиришга бағишлади, миллий ғурур, ор-номус, миллий бирлик учун курашди.

ХIХ аср охири ХХ аср бошларида мутаассиблик ботқоғига ботган амирлик тузуми, жаҳон тамаддунидан узилиб, ҳукмдорлар зулмидан эзилиб келаётган оддий, оми халқ осмонини зулмат қоплаган бир шароитда Фитратнинг миллат тақдиридан ташвишланаётган уйғоқ ўйлари, инсоният дарди билан ёнган исёнкор юраги халқ учун йўл кўрсатувчи маёқ бўлди.

Олим халқни уйғотишга, маҳдудлик, билимсизлик қобиғидан озод этишга умри давомида ҳаракат қилди. Унинг бу йўлдаги уринишлари “Мухтасар Ислом тарихи”[1] асарида ҳам кўзга ташланади.

Асар 1914 йили – жадид мактаблари ташкил этилаётган даврда ёзилган.

Фитрат ана шундай янги усулдаги илм масканларида туркий ва форсий адабиёт тарихи, исломшунослик ва шарқ тилларидан дарс берди. “Мухтасар Ислом тарихи” исломшунослик фанидан қўлланма-дарслик тарзида ёзилган.

Асарда Ислом тарихи ўша даврдаги ўзига хос ўқитиш услубида, қисқалик билан баён этилади, унда ёзувчининг ўқитувчилик маҳорати ҳам сезилиб туради. Олим китобнинг қириш қисмида тарихга “Миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи илмдир”, деб изоҳ беради. Бу билан тарихнинг миллат ҳаётидаги ўрни, тарихни ўрганишнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканини таъкидлайди.

Асар уч қисмдан иборат. Исломдан олдинги тарихий вазият, ундан кейинги воқеалар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фаолиятлари, Ислом дини асослари, тарқалиши ва ривожланиши билан боғлиқ бир қанча тарихий воқеалар биринчи, яъни “Саодат” қисмида баён этилади.

Асарнинг иккинчи қис­ми Пайғамбаримиздан (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) сўнг мусулмонларга бош бўлган чориёрларга бағ­ишланган.

Бу қисмда халифаларнинг фаолияти, бу даврдаги асосий тарихий воқеалар акс эттирилган. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ даврида Қуръони каримни жам қилиш ҳаракатининг бошлангани ва бу иш Зайд ибн Собитга топширилгани, яхши фазилатлари билан мусулмонлар орасида “мўминлар амири” номини олган Ҳазрат Умар, Қуръони каримни китоб шаклига келтирган халифа Усмон ва мусулмонлар тарихининг йил ҳисобини ҳижрий йилдан бошлаб ҳисоблаш маслаҳатини берган ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳум) ҳақидаги воқеалар диққатга сазовордир.

Учинчи қисмда умавийлар ва аббосийлар сулоласи тарихи, ўша вақтдаги мусулмон дунёсининг сиёсий, ижтимоий аҳволи ҳақида фикр юритилади. Асарнинг айнан шу қисмида диққатга сазовор тарихий маълумотларни учратиш мумкин. Жумладан, умавийлар сулоласининг асосчиси Муовия Абу Суфён дастлаб почта хизматини таъсис этган экан. Ҳорун Рашид[2] замонида эса мусулмонлар зангдор соатни ихтиро қилиб, улардан бирини Фарангис­тон подшоҳига юборгани тўғрисидаги малумот бор: “Унгача фаранглар бундай зангдор соатни кўрмаган эдилар, шунинг учун ҳам улар бу соатлардан жодули деб қўрқдилар”.

Бу тарихий воқеалар бугунги кун ғарб социологларининг Шарқ тарихини жаҳон тарихидан ажратиб, Шарқнинг ривожланишига Ғарб тамаддуни туртки берган эди, деган асоссиз даъволарига Фитратдек алломанинг ўзига хос жавобидир.

Ушбу асар бугун ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Дин ниқоби остида қў­порув­чилик қиладиган ва бузғунчилик ғояларини тарқатадиган ғаламисларга қарши кураш долзарб муаммога айланган бир пайтда “Мухтасар Ислом тарихи” дин ҳақида соғлом тушунча берувчи маърифий ва тарихий-жуғрофий асар сифатида қадрлидир.

Дилфуза АБДУЛЛАЕВА,

Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

Бухоро Давлат университети ўқитувчилари

 



[1]. Абдурауф Фитрат. “Мухтасар Ислом тарихи”. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2004 й. Ҳамидулла Болтабоев таржимаси.

 

[2]. 786-809  йиллари ҳукмдорлик қилган.