Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг "Тафсири Ирфон" китоблари "Шарқ" нашриёт матбаа корхонасида чоп этилди. Унда Қуръони карим оятларининг маъно таржимаси ва тафсирини замондошларимизга тушунарли, содда ва равон етказишга ҳаракат қилинган. Қисқа фурсатда мазкур китоб ҳақида жойлардан илиқ фикрлар ва миннатдорлик изҳорлари келди.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий манбаидир. Қуръони каримни яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари, миссионерлар ва бузғунчи оқимлар таъсирига тушишлари осон кечади. Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тар­ғиб қилиш ҳозирги пайтдаги муҳим вазифалардан саналади. Қуръони карим маъноларининг Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси раи­си, муфтий Усмонхон Алимов таълиф қилган ушбу таржима ва тафсири шу йўлдаги хайрли ишлардан биридир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги мамлакатимизнинг Асосий қонунида кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Юртбошимиз ҳаққоний таъкидлаганларидай: "Диний-маърифий қадриятларимизни ўрганиш, асраш ва ҳимоя қилиш, шу асосда ёш авлодимиз қалби ва онгига эзгу ғояларни сингдириш бўйича олиб бораётган амалий ишларимиз жамоатчиликка яхши маълум... Бугунги кунда бизнинг тарихий мерос масаласига катта масъулият билан қараб, олиб бораётган ишларимизнинг амалий тасдиғини кўп-кўп мисолларда кўриш мумкин".

Қуръони каримнинг ўзида ва ҳадиси шарифларда Қуръони каримга бир қанча сифатлар билан таъриф берилган. Аллоҳ таоло айтади: "Ушбу Китоб (Қуръон) шуб­ҳадан холи ва тақводорларга ҳидоятдир" (Бақара, 2); "Оятларини тафаккур қи­лишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз сизга нозил қилган муборак Китобдир" (Сод, 29).

"Тафсири Ирфон" китоби Қуръони каримнинг кўп мурожаат қилинадиган йигирма тўққизинчи ва ўттизинчи жузлари маъно таржимаси ва тафсирига бағишланган.

Мамлакатимизда Ислом динининг асосий манбаи, Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони каримга азалдан катта эътибор ва ҳурмат билан қаралган. Ҳозиргача Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги Олтинхон тўра, шайх Алоуддин Мансур, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва бошқалар амалга оширган маъно таржималари ва тафсири босилиб чиққан. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ақлларни лол қолдирувчи каломи бўлгани учун уни бошқа тилга мукаммал таржима қилишнинг имкони йўқ. Юқорида тилга олинган таржималар катта маҳорат билан, тил қоидаларига амал қилган ҳолда ўгирилган, буни асло инкор қилиб бўлмайди. Аммо Қуръони карим оятларининг фасоҳати, балоғати, латофати қайта-қайта янгидан кашф бўлаверади. Чунки Қуръони карим инсонларни яхшилик қилишга, бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, қон тўкмасликка, ҳалол ва ҳаромни ажратишга, Аллоҳдан қўрқишга, Унга итоатда бўлишга чорлов билан тўлиб тошган. Яна Қуръони карим Ислом динига оид барча ҳукм­ларнинг асосий ва биринчи манбаи­дир. Мусулмон фақиҳлар бирор нарсанинг шариатдаги ҳукмини билмоқчи бўлсалар, албатта, энг олдин Қуръонга мурожаат қиладилар. Ўзлари излаётган масала ҳақида Қуръонда бирор ҳукм бўлса, уни дар­ҳол қабул этадилар. Ўша нарса Қуръонда бўлмаган тақдирдагина суннат, ижмо, қиёсга мурожаат қиладилар.

Мовароуннаҳр диёримиздан етишиб чиққан муфассирлар ёзган тафсирларнинг ниҳоятда кўплиги ва улар ҳозиргача қийматини йўқотмагани фикримиз далилидир. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг "Тафсирул-кабир" тафсирлари бор, "Жомиъ ус-саҳиҳ" китобларида минг­дан ортиқ ҳадис Қуръони карим оятларининг тафсири ҳисобланади. Самар­қанд­лик Имом Абу Мансур Мотуридийнинг "Таъвилоту аҳлис-сунна", Имом Абу Лайс Самарқандийнинг тафсири, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг "Тафсирул-кашшоф", Имом Фахруддиннинг "Мафотиҳул Ғайб", Имом Абул Баракот Насафийнинг "Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил" тафсирлари Ислом оламида машҳур. Марказий Осиё­дан чиққан ёки шу ерда ўқиб, бош­қа шаҳарларда истиқомат қилган уламолар томонидан яратилган бундан бошқа тафсирлар ҳам кўп. Масалан, тожик, татар, ўзбек тилларида ёзилган "ал-Итқон", "Тафсирун Нўъмоний", "Тафсиру Мавокиб", "Тафсирут-тибён", "Тафсиру Мавлоно Яъқуби Чархий" ва бошқа мўътабар тафсирлар мавжуд.

Муборак Рамазон ойи арафасида халқимизга тақдим этилган «Тафсири Ирфон» китобида оятлар маъноси замондошларимиз учун тушунарли, содда ва равон бўлишига ҳаракат қилинган. Бунда оятлар таржимасида қавс ичидаги изоҳлардан иложи борича воз кечилди. Оятларни тафсир қилишда ўтмишдаги ва ҳозирдаги улуғ муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг "Таъвилоту аҳли-сунна", Абул Фидо ибн Касирнинг "Тафсирул Қуръонил-азийм", Ибн Жарир Табарийнинг "Тафсири Табарий", Жалолиддин Суютийнинг "Ад-Дуррул мансур фи тафсирилбил-маъсур", Имом Абул Баракот Насафийнинг "Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил", Жалолиддин Суютийнинг "Тафсирул-Жалолайн", доктор Ваҳба аз-Зуҳайлийнинг "Тафсири Мунир" тафсирлари ҳамда рус, татар тилларидаги тафсирлардан истифода қилиш билан бир қаторда замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланилган.

 

Абдулҳамид ТУРСУНОВ