Қуръон ва ҳадис мавзуларининг адабий ижодга таъсирини ўрганиш фақат мумтоз адабиётимизнинг бизга мавҳум қирраларини ойдинлаштириб беради. Чунки кўплаб қалам аҳли ижодига Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларнинг таъсири катта.

Қуръон мавзулари Ислом динини қабул этган халқлар адабиётига сингиб, уларнинг урф-одатига узвий боғланди. Шоирлар султони Навоий бобомиз ижоди бу борада етакчи ўринларда туради. У зот асарлари илоҳий манбалардан озиқланди. Шоирнинг “Сирож-ул муслимийн”, “Арбаин”, “Тарихи анбиё” ва “Ҳукамо” каби асарлари эса тўласича исломий мавзуларга йўналтирилган. Қуйида Навоий қаламига мансуб сатрлар ҳамда уларга асос бўлган оят ва ҳадислардан мисоллар келтирамиз.

“(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир”(Ихлос, 1–4).

Бирлик эди-ю адади йўқ эди,

Бирдин ўзга аҳади йўқ эди.

“Осмонлар, Ер ва Улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсасини яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” (Моида, 17).

Эй қилибон қаҳр ила лутфинг шиор,

Борни йўқ айламаку йўқни бор.

Йўқ эдилар ҳар неки бор айладинг,

Фаҳму хирад бориға ёр айладинг.

“Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида, 3).

Хатм анга ойини рисолат тамом,

Дин анинг исломию бас, вассалом.

Манбаларда айтилишича, жами 124 минг пайғамбар ўтган. Уларнинг биринчиси Одам бўлса, сўнггиси Муҳаммад пайғамбаримиздирлар . Шу билан пайғамбарлик ниҳоясига етган, қиёматгача бошқа пайғамбар келмайди. Шунингдек, бир қанча динлар бўлган. Уларнинг энг охиргиси Ислом динидир. Энди қиёматгача ушбу дин боқий қолиб, ундан бошқа дин келмайди. Навоий ҳазратлари ушбу маълумотларни юқоридаги мисралар орқали ихчам шаклда баён этган.

“...Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларнинг еяётган ва захирада сақлаётган нарсаларингизни айтиб бераман...” (Оли Имрон, 49).

Тиргузиб ўлганни каломи фасиҳ,

Ўзига жон бахш лақаб деб Масиҳ.

Қилгали амвотни иҳё насим,

Фош этиб анфоси Масиҳо насим.

Барча пайғамбарларга мўъжиза берилган. Улар ҳидоят йўлига чорлаганида қавмлари мўъжиза талаб қилишган. Исо Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтирар, ҳар қандай касални силаб даволарди. Шунинг учун у зот “Масиҳо насим” – “енгил силовчи” номи билан зикр қилинади.

Ҳадисларда олимлар пайғамбарларнинг меросхўри экани, уларни ҳурмат қилганлар пайғамбарларни ҳурмат қилгандек ажрга эга бўлишлари айтилган. Навоий шеъриятида айнан шу каби маълумотларни учратамиз:

Бировким, қилса олимларға таъзим,

Қилур гўёки пайғамбарга таъзим.

Шунингдек, ҳадисларда бешикдан то қабргача илм излаш кераклиги айтилган. Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир:

Йигитликда йиғ илмнинг махзани,

Қарилик чоғи харж қилғил ани.

Ушбу мисолларга таянган ҳолда айтамиз: Навоий асарларини тўла ва тўғри тушуниш учун оят ва ҳадислардан, албатта, хабардор бўлиш керак деган хулосага келинади.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб Ислом ўрта-махсус билим юрти мударриси