Одамзот нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку.

Одамзот нима учун булбул чаҳ-чаҳини эшитганида энтикиб кетади? Ундан кўра булбулни шўрвага солиб пиширса, нафсини қондиради-ку!

Одамзот нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади? Юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку!

Одамзот нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса, йиғлайди? Уни ёзувчи "ичидан тўқиб чиқаргани"ни билади-ку!

Одамзот нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирса-ю, иттифоқо, болалиги кечган кулбаси тушига кириб қолса, туни билан йиғлаб чиқади? Ахир, у шоҳона қасрда яшайди-ку!

Одамзот нима учун боласининг бошида алла айтади? Гўдак алла эшитмаса ухламайдими!

Одамзот нима учун неварасини етаклаб неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади? Мар­ҳум уларни кўрмайди-ку!

Гап шундаки, одамзодтни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи Маънавиятдир!

 

Ўткир ҲОШИМОВ,

"Дафтар ҳошиясидаги битиклар" китобидан