Самуд қавмининг кўкаламзор ерлари кўп бўлиб, боғларидан ариқ ва анҳорлар оқиб ўтарди. Самуд қавми ҳам Од қавми сингари иморат қуриш, зироат экиш ва боғлар барпо этиш билан машҳур эди. Улар бинокорлик ва саноат ишларида Од қавмидан ўзиб кетишди. Тоғлардан тошлар кесиб, баланд, гўзал уйлар қуришар ва тошларга гўзал нақшлар солишарди. Ақллари ва ҳунарлари сабабли тошлар гўё уларга лойдек юмшоқ бўлди.

Уларнинг шаҳарларига кирганлар турли ажойиботларни, осмонўпар қасрларни кўрарди. Уларнинг бахтига ёмғир кўп ёғар, далалари ям-яшил, боғ-роғларида эса мева-чевалар мўл-кўл бўларди. Аллоҳ уларга ризқда ва умрда барака берган эди.

Лекин бу неъматлар Самуд қавмини Аллоҳ таолога шукр ва ибодат қилишга ундай олмади. Аксинча тўқлик уларни куфр ва туғёнга бошлади. Аллоҳни унутдилар. Ўзларига берилган неъматлардан мағрур бўлиб: “Биздан қувватлироқ яна ким ҳам бор?! Биз ҳеч қачон ўлмаймиз, боғу қасрларимизда мангу қоламиз”, дердилар. Улар Нуҳ қавми водийда яшагани учун ғарқ бўлган, Од қавми эса пасттекисликда яшагани учун ҳалок бўлган деб ўйлар, ўзларини ўлим ва хавфдан бехавотир маконда деб билардилар.

Бу адашган қавм Нуҳ ва Од қавми сингари тошлардан санамлар йўниб, уларга ибодат қила бошлади. Аллоҳ таоло уларга тошларни бўйсундирган эди, лекин ақл кўзлари кўр бўлиб, тошларга сиғинишди.

“Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас, балки инсонлар (Яратганга имон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар” (Юнус, 44).

Йўниб олган тошлари ҳеч бир фойда бермас, мабодо ундан юз ўгирсалар ҳам, ҳеч бир зарар етказолмасди. Самуд қавми бу ҳақиқатни билишни истамади, бу тўғрида ўйламади ҳам.

Аллоҳ таоло Нуҳ ва Од қавмига элчи юборганидек уларга ҳам элчи жўнатишни ирода қилди. Қавмда шарафли хонадонда туғилган, қобилиятли, зеҳни ўткир ва ҳалол бир бола бор эди. Одамлар у ҳақида: “Солиҳ яқин орада улуғ мартабага эришади – одамларнинг энг шарафлиси, энг бойига айланади, гўзал қаср ва катта боғлари бўлади”, каби башоратларни айтарди.

Бироқ Аллоҳ ўзга нарсани ирода қилди. Солиҳни нубувват билан улуғлаб, қавмини зулматлардан нурга чиқариши учун элчи этиб юборди.

Солиҳ қавмининг ҳузурига бориб баланд овоз билан: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир” (Ҳуд, 61), деди. Қавмнинг бойлари маишат ва ўйин-кулги билан банд эди. Улар ғазабланиб: “Ким бу?” деб сўрадилар. Қавмнинг фақирлари: “Бу Солиҳдир”, деб жавоб бердилар. Бойлар: “Нима деяпти ўзи?”, дедилар беписандлик билан. Камбағаллар: “Аллоҳга ибодат қилинглар, ундан бошқа илоҳ йўқ ва албатта. Аллоҳ сизни ўлганингиздан сўнг қайта тирилтиради, жазо ёки мукофот беради. Мен Аллоҳнинг элчисиман, деяпти”, дедилар. Бойваччалар эса кулиб: “Эй мискинлар! Унинг на қасри ва на боғи, на хўжалиги ва на хурмолари бор! Қандай қилиб элчи бўла олади?” дедилар.

Одамлар Солиҳга эргашиб кетаётганини кўрган бойлар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат қилиб (ўз бутларингиздан кечсангизлар) у ҳолда албатта, зиён кўргувчидирсизлар. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин, албатта, (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами? Сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир. Ҳаёт фақат шу дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз. У (яъни, Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир. Бизлар унга ҳеч имон келтиргувчи эмасмиз” (Муъминин, 33–38), дедилар.

Шундай қилиб одамлар унга эргашмади, кофир бўлиб, имон келтирмади. Солиҳ уларга ваъз қилганида: “Эй Солиҳ, сен қобилиятли ва тўғрисўз бола эдинг. Бизлар сени одамларнинг энг шарафлиси бўлади деб ўйлардик. Бундай бўлмади. Сенинг тенгқурларинг гарчи сендай ақлли бўлмасалар-да, кибор кишиларга айланди. Сен эса фақирлик йўлини тутдинг. Сен ҳақингда янглиш фикр қилган эканмиз. Умидларимизни пучга чиқардинг. Отанг мискин-бечора эди. Сендан унга яхшилик етмади. Онанг ҳам мискин-бечора эди. Сен учун қилган ҳаракатлари зое кетди”, дедилар.

Солиҳ қавмини ҳикмат ва юмшоқлик билан Аллоҳга даъват қилишда давом этди: “Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир” (Шуаро, 145). Эй қавмим, нега менга итоат қилмайсизлар? Нима учун одамларга зулм қиладиган, уларнинг молларини ейдиганларга ва ерда бузғунчилик ва фасод қилиб, солиҳ амал қилмайдиган кимсаларнинг сўзига кирасизлар?” Бу сўзларга қавмдагилар жавоб тополмай қолди ва: “Ҳеч шак-шубҳасиз сен сеҳрланган, ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг, бирон оят-мўъжиза келтир!” (Шуаро, 153–154) дейишди.

Солиҳ : “Қандай ҳужжат (далил) истайсизлар”, деди. Улар: “Бизга мана бу тоғдан ҳомиладор туяни чиқар”, дедилар. Албатта одамлар, туя на тошдан ва на ердан униб чиқмаслигини, уни фақат туя дунёга келтира олишини билардилар. Солиҳнинг ожиз қолишига ва ўзларининг эса муваффақият қозонишларига ишондилар. Раббисига имони кучли бўлган, У барча нарсага қодир эканини билган Солиҳ Аллоҳга дуо қилди. Илтижолари қабул бўлиб, одамлар талаб қилган мўъжиза амалга ошди. Тоғдан ҳомиладор туя чиқиб, бола туғди. Одамлар ажабланиб, даҳшатга тушдилар. Шундай бўлса-да, қавмдаги бир кишидан ўзга ҳеч ким имон келтирмади.

Солиҳ : “Бу Аллоҳнинг туяси, Унинг ҳужжатидир! Сўраган эдинглар. Қудрати билан яратди. Бу туяни ҳурмат қилинглар. “Бас, уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб берингиз ва унга бирор ёмонлик етказмангиз. Акс ҳолда сизларни яқин (фурсатда) азоб тутар” (Ҳуд, 64), деди.

Туя жуда баҳайбат эди. Шунинг учун одамлар боқадиган чорва-ҳайвонлари ундан қўрқиб, қочиб кетарди. Буни кўрган Солиҳ : “Бир кун туя сув ичади, бир кун чорваларингиз сув ичади”, деди. Лекин қавм кибрланиб: “Нима учун чорваларимиз ҳар куни сув ичмас экан”, деб ғазабланди ва туядан қутулиш йўлини қидира бошлади. Солиҳнинг туяни таҳқирлашдан сақланиш ҳақидаги огоҳлантиришлари зое кетди.

Қавмдагилар: “Ким бу туяни ўлдиради”, деган масалани ўртага ташлашди. Бир киши туриб: “Мен ўлдираман”, деди. Бошқа бири: “Мен ўлдираман”, деб унга қўшилди. Иккита бадбахт бориб, туянинг келишини пойлаб ўтирди. Туя ташқарига чиқиши билан биринчиси ўқ отди. Иккинчиси эса уни сўйиб, ўлдирди.

Туянинг сўйилганини билган Солиҳ афсус чекиб, қаттиқ хафа бўлди ва одамларга: “Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз. Мана шу чин ваъдадир” (Ҳуд, 65), деди.

Учинчи куни уларга азоб келди. Ўша куни одатдагидек тонг оттирган қавм кучли зилзила овозини эшитди. Бу овоз юракларга даҳшат солди, уйларни хароб қилди. Одамларнинг барчаси ўлиб, шаҳар вайронага айланди.

Солиҳ ва мўминлар ўша шаҳарни ташлаб кетдилар.

Шаҳардан чиқиб кетаётган Солиҳ ўлиб ётган қавмига боқиб, афсус билан: “Эй қавмим, мана, мен сизларга Парвардигоримнинг динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим. Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз” (Аъроф, 79), деди.

Шомга кетаётган чоғларида Самуд диёридан ўтган Расулуллоҳ асҳобларига: “Ўз жонларига зулм қилганларнинг масканларига кирманглар. Агар кирсангиз ҳам уларга етган нарса сизларга етиб қолишидан эҳтиёт бўлган ҳолда, у ерга йиғлаган ҳолатда киринглар”, дея насиҳат қилганлар.

 

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асари асосида ФАЙЗО тайёрлади.