• Рукни: Ўгит

Оталари вафот этган икки ака-ука бор эди. Бир куни укаси акасига: “Мен бир қизни ёқтириб қолдим, унга уйланишни истайман. Жуда гўзал, кўзлари шаҳло экан”, деди. Шунда акаси: “Ундай бўлса, албатта унинг қўлини сўрашинг керак”, деди. Лекин ака ҳам қизни кўриб, чиройига маҳлиё бўлди ва: “Сен шошмагин, у ҳаётда тажрибаси бор инсонга лойиқ. У менга ўхшаган инсонга муносибдир”, деди. Ука ҳайрон қолиб: “У фақат меники...” деди ва иккаласи тортишиб қолишди. Масалани ҳал қилиш учун қозига боришди. Афсус, қози ҳам қизни кўриши билан: “Бу қиз менга ўхшаган одамга лойиқдир”, деди. Тортишув кучайди. Уларнинг бу ишидан хабар топган волий чақириб, масалани ойдинлаштирмоқчи бўлди. Аммо у ҳам қизни кўриб: “У фақат меники бўлади”, деди ва тортишувга қўшилди. Ниҳоят, қиз тилга кирди: “Менда бир ечим бор. Мен югураман, ким менга биринчи етиб, тутиб олса, ўшаники бўламан”, деди-да, чопа кетди. Уни тутиш учун ортидан ҳаммалари югуришди. Тўсатдан барчалари бир чуқурга қулаб тушишди.

Қиз уларга тепадан қараб бундай деди: “Биласизларми мен кимман? Мен – мол-дунёман, бойликман. Одамлар менга эга бўлиш учун бир-бирлари билан кимўзар ўйнашади, натижада бор-йўғидан айрилади. Умр ўтиб, ҳолдан тойгач, қабр остонасидагина менга етиш асл мақсад эмаслигини англашади”.

Нилуфар ОРТИҚХЎЖАЕВА тайёрлади.