• Рукни: Ўгит

Энди инсон ўзининг таомига (неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)" (Абоса, 24-32).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: "Инсон ўз таомига ибрат кўзи билан боқса, неъматлар қадрини, умрнинг ўткинчилигини англайди". Яъни, дунё ҳаётидаги лаззатлар, мол-мулк барчаси ўткинчи, у билан ўралашиб қолмай, охиратга ҳам ҳозирлик кўриш лозим.

Дон ва бошқа барча ўсимликлар инсон ва чорва ҳайвонларнинг ризқидир. Агар ёмғир ёғмаса, гиёҳ унмайди, турли-туман мевалар, ўт-ўланлар қурийди. Натижада инсон ва бошқа барча жонзотларнинг ҳаёти хавф остида қолади. Ёмғир суви ерга тушгач, тупроққа сингиб, у жойдаги митти уруғларни ундиради. У ўсиб чиқиб, ер юзасини безайди. Ундан сўнг дон тугади ёки мева қилади. Уларнинг катта-кичиклиги, шакли, сурати турлича, ҳар бири ўзгача таъм ва шира ҳосил қилади. Масалан, хурмо, узум ё қовун-тарвуз бўлсин, тупроқ ва сувдан илдизлари озуқа олиб, шохда ёки палакда нордон ё тотли мева тугади. Ёмғир ва қор Аллоҳ таолонинг бандаларга меҳрибонлиги, баракоти ҳисобланади.

Аллоҳ таоло инсонга Ўз неъматларини бир-бир эслатиб, сўнг қиёмат куни ҳақида хабар беради. "Сохха" қиёмат куни исмларидан биридир. Ибн Жарир: "Сурга пуфланиш", деса, Бағавий: "У қиёмат қичқириғидир. Чунки у қичқириқ қулоқларни кар қилади" дейди. Ушбу қичқириқ, яъни сурга биринчи пуфланганда ер юзида барча жонзотлар ўлади. Иккинчи бор пуфланганда эса Аллоҳ таолонинг амри билан инсонлар тупроқдан ўсимлик каби бош кўтариб тирилади. Ўлик ерни ёмғир суви билан тирилтириб, ўсимликлар пайдо қилган Аллоҳ таоло чириб тўкилиб, тупроққа айланиб кетган инсон жисмини ҳам қайта тиклашга қодирдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дедилар: "Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани "ажбуз-занаб"дир. Қиёмат куни инсоннинг қайта тирилиши шу суякдан бўлади (Имом Муслим). "Ажбуз-занаб"– думғазанинг учидаги жуда кичик суяк.

Дунё ҳаёти ўткинчи, умрнинг ҳар бир фурсати ғанимат. Бугун фурсат бор экан, солиҳ ишлар қилиш керак Зеро Аллоҳ таоло раҳмати кенг ва ажру мукофотни кўп қилиб бергувчи Зотдир.

 

Насафий, Ибн Касир, Розий тафсирлари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.