• Рукни: Ўгит

Сукут олимга зийнат, жоҳилга қалқондир. Сукут совутини кийган одам кўплаб таҳликалардан омон бўлади. Айниқса, ҳасад аҳлининг заҳарли назарларидан қутулади. Шу жиҳатдан, инсон гапни эмас, солиҳ амалларни кўпайтириши керак. Чунки қилмоқчи бўлган яхши ишлари ҳақида гапиришга вақтини сарфлаб, уларни бажаришга фурсат тополмаган одам ғафлат ва алданиш ичрадир.

 

Нафсни жиловлаб қилинган сукут, ўз ўрнида, жоҳилга берилган энг чиройли жавобдир. Улуғлар айтганларидек: "Аҳмоққа энг муносиб жавоб – сукут". Қуйидаги воқеа бунга мисол бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоб билан ўтирган эдилар. Бир киши келиб ҳазрат Абу Бакр­ни (розияллоҳу анҳу) сўкди, у киши индамадилар. Одам иккинчи марта озор берди. Абу Бакр яна сукут сақладилар. Учинчи марта такрорлаганидан ке­йин, Абу Бакр ҳақоратга яраша жавоб қайтардилар. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туриб, кета бошладилар. Ҳазрат Абу Бакр ор­қаларидан югурдилар, етиб олгач сўрадилар:

– Ё Расулуллоҳ, мендан хафа бўлдингизми?

– Йўқ, хафа бўлмадим, – дедилар Пай­ғамбар (алайҳиссалом). – Унинг гаплари ёлғонлигини билдириш учун самодан бир фаришта тушган эди. Сиз жавоб қайтаришни бошлаганингизда фаришта кетиб, ўрнига шайтон келди. Шайтон бўлган жойда мен турмайман" (Абу Довуд ривояти).

Жим бўлиш керак бўлган жойда гапириш қандай хато бўлса, сўзлаш зарур бўлган ерда сукут сақлаш ҳам тўғри эмас. Зеро, ҳақ зое бўлиши мумкин ҳолатларда ҳеч нима демаслик гуноҳга сабабдир. Бу хусусда Абу Али Даққоқ айтади: "Ҳақ сўзни айтиши керак бўлган ўринда гапирмаган тилсиз шайтон сингаридир".

Гапириш ёки сукут сақлаш борасида Пайғамбар жанобимизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги тавсиялари барчамизга ўлчовдир: "Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган киши ё яхши гапларни айтсин ёки жим турсин!" (Муттафақун алайҳ).

Агар одамнинг гапириши шарт бўлса, сукутдан қимматлироқ бўлган, қалбларга ҳузур, руҳларга ором берадиган ҳикматли гапларни айтмоғи лозим. Бу эса, энг олдин, ҳикматли сўзларни жону кўнгилга синг­дириб, шунга кўра яшаш тарзини тақозо қилади. Бинобарин, Аллоҳ таоло инсонга кўп эшитиб, оз гапириши учун икки қулоқ ва битта тил берган.

Шайх Саъдий айтади: "Ким ўйламасдан гапирса, айтганлари аксарият нотўғри бўлади". "Нимани, кимга ва қачон гапираётгани­нг­ни ўйлаб гапир!" дея тавсия қиладилар ҳазрат Абу Бакр.

Меъёрдан ортиқ гап кишининг тезда назардан қолишига сабаб бўлади. Мавлоно Румий айтганларидек: "Кўп гапириш мақсадини тушунтира олмайдиганга хос". Кўп гапирганни эса кам эшитган маъқул.

 

Усмон НУРИЙ