• Рукни: Ўгит

Муқаддас динимиз касбу кор қилиб ҳаёт кечиришга, бировнинг қўлига қарам бўлиб қолмасликка буюради. Касб-ҳунар эгаллаш пайғамбарлардан меросдир.

Халқимизда фарзандларини ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш учун ҳунармандларга шогирд бериш анъанаси бор. Ушбу одат сабаб юртимиздан кўп машҳур усталар етишиб чиққан.

Пайғамбаримиз: (алайҳиссалом) бундай марҳамат қилганлар "Ким тиланчилик қилишдан сақланса, оиласини боқиш ва кўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида халол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллох таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади".

Ривоят қилинишича Исо алайҳиссалом доим ибодат билан маш­ғул бўлган бир кишидан сенинг таъминотинг билан ким шуғулланади, деб сўрайди. У акам деб жавоб беради. Шунда Исо (алайҳиссалом) аканг сендан кўра обидроқ экан деган экан.

Ҳадиси шарифларда кишиларнинг яхшиси эл-юртга манфаатлироғи экани айтилган.

Истиқлол йилларида юртимизда ёшларни ҳунар эгаллашига катта эътибор қаратилди. Ҳозирда ҳар бир туманда касб-ҳунар коллежлари ташкил этилган. У ерда ёшларимиз касб-ҳунар сирларини мукаммал ўрганмоқда.

Зеро, хунарнинг катта-кичиги бўлмаганидек, уларнинг барчаси бирдек қадрли ва эъзозлидир.

Луқмони ҳаким ўғ­лига насиҳат қилиб шундай деган экан: "Эй ўғлим, ҳалол касб қилиб, фақирликдан сақлан, чунки ким фақир бўлса унга учта нарса етади. Динида енгил-елпилик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Булардан ҳам ёмонроғи, одамларнинг унга беписанд қарашларидир".

Умар (розияллоҳу анҳу): "Бирортангиз "Эй Аллоҳ, мени ризқлантир", деб ўтириб олмасин. Чунки осмондан тилла ва кумуш ёғмаслигини биласизлар-ку", деган экан.

Демак, инсонга касб қилиш лозим бўлиб ва ўз касби орқали Аллоҳ таолога маҳбуб ва яқин бўлган бандалари сафидан жой олиши мумкин.

Қилаётган касбимиз ҳалолдан бўлсин, ҳалолга сарфлайлик. Касбига машғул бўлаётган вақтда яхши ният билан: Аллоҳ касб қилишга буюрган, шунинг учун касб қиляпман, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам касб қилганлар, деб амалга оширса, ҳам фарз, ҳам суннатнинг савобига эришади. Бу савобга эришишда унинг шаръий аҳкомларига риоя қилиши шартдир. Агар касби билан дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсин, яхши фойда кўрибди. Агар дунё топмаса ҳам ҳамд айтсин, тақвоси билан динини асрабди.

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ,

«Кўкалдош» мадрасаси мударриси