• Рукни: Ўгит

Баҳиладан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) Шомга келганларида Жобия мавзеида хутба ўқиб, бундай деди:

–Эй инсонлар! Аллоҳнинг Китоби – Қуръонни ўрганинглар, у туфайли танилгайсиз. Унга амал қилинглар, унга лойиқ бўласиз. Зеро, ҳеч бир ҳақ эгаси Аллоҳга маъсият қилиб, Унинг амрига бўй­суниш даражасига ета олмаган.

Ҳақ сўзни айтиш кишининг ажалини яқин­лаштирмайди, ризқини узоқлаштирмайди. Билинглар, банда ва ризқи орасида бир парда бор. Агар у сабр қилса, ризқи унга келади. Агар сабр қилолмай, пардани мажбурлаб очмоқчи бўлса, ҳам парда йиртилади, ҳам ризқидан бебаҳра қолади.

Отларни яхши парвариш қилинг. Ўқ отишни ўр­ганинг. Ялангоёқ юринг. Мисвок ишлатинг. Румлик­ларнинг ахлоқидан ўрнак олманг. Қўпол инсонлар би­лан ҳамсуҳбат бўлманг. Ҳаммомга яланғоч кирманг.

– Эй инсонлар! Билинглар, Аллоҳ таоло уч кишини оқламайди, юзларига қарамайди, Қиёмат куни уларни Ўзига яқин тутмайди. Булардан биринчиси, бировни бошлиқ қилиш мақсадида дунё манфаати учун ёқлаган ва ундан истаганини олганида уни мақтаган, орқасидан эса ёмонлаган кимсадир. Иккинчиси эса, нарсаларини сотувга чиқариб: “Аллоҳга қасам, менга мана шу нархда оламан дейишди, лекин бермадим”, деб мол сотган савдогар. Учинчиси, мусулмонларни сўкадиган фосиқ кимсадир.

– Эй инсонлар! Гоҳ сеҳрга, гоҳ коҳинга, гоҳ фолчига бориб, уларнинг “хабар”ларига ишонган кимса Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил бўлганларни инкор этган бўлади”.

“Ал-Канз”, “Ҳаётус саҳоба” китоблари асосида Сумайро АБДУМУРОД қизи тайёрлади.