• Рукни: Ўгит

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

 

Одамлар ичида яхшироғи ким деб сўрадинг. Сўзимни эшитиб, шубҳалардан халос бўл: одамларга фойдаси кўпроқ тегадиган кишиларни одамларнинг яхшироғи деб бил.

* * *

 

Хўб эл била суҳбат тутубон хўб бўлғил,

Яхшини талаб қилғилу матлуб бўлғил,

Ширин сўз ила халққа марғуб бўлғил,

Юмшоқ де ҳадисингни-ю, маҳбуб бўлғил.

 

Яхши одамлар билан бирга бўлиб, ўзинг ҳам яхши бўл. Доим яхши одамларнинг суҳбатини излаю ўзинг ҳам бошқаларга ёқимли бўл. Ширин сўзинг билан кишиларнинг кўнглини топ, мулойим гапиру севимли бўл.

* * *

 

Уч қисм ила иймонға бино фаҳм айла,

Аввалғисини анинг ҳаё фаҳм айла,

Иккинчиси дағи вафо фаҳм айла,

Учинчини билмасанг, сахо фаҳм айла.

 

Имон биносини уч қисмдан иборат деб англа: биринчиси - ҳаё, иккинчиси - вафо, учинчиси - сахийлик.