• Рукни: Ўгит

Маълумки, кундузи кўзи­миз­га кўринмайдиган ҳар хил ҳашарот ва жонивор­лар кеч­ тушиши билан ғимирлаб қолади. Сичқон, каламуш, суварак сингари зарар келтирувчиларни бунга мисол қилишимиз мумкин. Сичқон ва каламуш теккан идишларни тозаламасдан туриб фойдаланиш эса макруҳ саналади. Аммо ҳеч ким уларнинг зараридан сақланиш учун тонгга қадар қўриқчилик қилиб ўтира олмайди. У ҳолда нима қилиш керак?

Аллоҳ таоло тунни бандаларининг дам олишлари учун яратган. Ва мукаммал, гўзал бўлмиш Ислом дини орқали биз инсонларга ҳам енгиллик, ҳам фаровонликни кўзлаган. Буни Қуръон оятлари ҳамда муборак ҳадислар исботлайди.

Жобирдан  ривоят қилинади. Расулуллоҳ  бундай марҳамат қилдилар:

“Кеч киргач, болалари­нгизни уйда ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтонлар (жинлар) изғийди. Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг. Аллоҳнинг номини зикр этиб эшик­ларингизни беркитинг. Зеро, шайтон бер­ки­тилган эшикни очмайди. Аллоҳнинг номини зикр этиб мешларингиз оғзини боғлангиз. Аллоҳ­нинг номини зикр этиб идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг. Чироқларингизни ўчиринг (ётинг)” (Муттафақун алайҳ).

Эшикни беркитиш ҳар хил зарарли ҳашаротлар, ҳайвонларнинг зарар ет­ка­зиши ёки ўғри кириши, номаҳ­рамлар назари туши­шининг олдини олса, чироқ­ларни ўчириб ётиш эса кутилмаган кўнгилсизликларга моне бўлади.

Ибн Аббосдан  ривоят қилинади: “Сичқон келиб, пиликни судрай бошлади. Ходима уни ҳайдади. Шунда Набий : “Қўявер уни”, дедилар. Сичқон пиликни у зот ўтирган хамра (жойнамозча) устига ташлади. Унинг дирҳамдек жойи куйди. Шунда у зот: “Қачон ухласангиз, чироқларингизни ўчиринг. Чунки шайтон мана бунга ўхшаганга амр қилса, куйиб қолишингиз мумкин”, дедилар.

Ҳадисда чироқ ва оловнинг зарарларидан бири келтирилган. Бугунги кунда пиликли чироқ бўлмаса-да, электр чироқларнинг кечаси беҳуда ёниқ қолиши ҳам оила, ҳам давлат иқтисодига зарар етказади. Қолаверса, унинг ёруғлигида ухлаш узоқни кўра олмаслик каби хасталикларга сабаб бўлиши ҳам исботланган.

Айниқса, қиш ойларида олов, яъни газдан фойдаланишда ҳардамгидан ҳам ҳушёрлик талаб қилинади. Чунки ёнғинга қарши кураш биргина ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг эмас, балки ҳаммамизнинг бурчимиздир. Аксарият ёнғин билан боғлиқ кўнгилсизликлар бепарволик, кишиларнинг электр ускуналари ва газдан эҳтиётсизлик ёки нотўғри фойдаланиши натижасида  келиб чиқади. Аҳамиятсиздек кўринган кичик бир бепарволик катта-катта талафотларга сабаб бўлиши ҳаётда кўп марта кузатилган...

Абу Мусодан  ривоят қилинади. “Кечаси Мадинада бир уй ёниб аҳли зарар кўрди. Бу ҳақда Набийга  айтилди. У зот : “Албатта, олов сизга душмандир. Қачон ухласангиз, уни ўчиринг”, деди­лар” (Муттафақун алайҳ).

Тўғри, совуқ кунларда печка ва турли иситкич асбоб­ларидан фойдаланилади. Уларни ишлатиш жараёнида аввало, ҳадисга биноан яшаш, шунингдек, доимо ҳушёр бўлиш ҳар бир мусулмонга зарур. Зеро, бу набавий одоб бўлиб, унга ҳар биримиз ­риоя этишимиз ва оила аъзоларимизга ўргатишимиз шарт.

 

Гулбаҳор ҲОШИМОВА тайёрлади.