• Рукни: Ўгит

Жалолиддин РУМИЙ

 

Бир киши ҳар кеча туриб, Аллоҳга ибодат ва дуони канда этмасди. Шайтон унга васваса ташлади:

– Неча йиллардан бери ҳар кеча саҳаргача Аллоҳни зикр қиласан. Бирор жавоб бўлдими? Ҳеч фойдасини кўрмаганинг ҳолда, қачонгача бу ишда давом этасан?

Кишининг кўнгли оғриди, бошини ерга қўйиб, ухлаб қолди. Тушида унга бундай дейилди:

– Ўзингга кел, уйғон! Дуодан, зикрдан ҳам зерикадими одам?

– Шу пайтгача сўрадим, лекин бирор марта жавоб бўлмади. Илоҳий лутфдан баҳрасиз қолишдан қўрқяпман...

– “Аллоҳ” дейишингнинг ўзи Яратганнинг лутфи туфайлидир. Чоралар қидиришинг, йўл ахтаришинг Аллоҳ таолонинг сенга марҳаматидан, оёқларингдаги боғ­ларни ечганидандир. Қўрқувинг, муҳаббатинг, умидинг илоҳий эҳсон...

Ҳар бир: “Эй Раббим!” дейишинг замирида Аллоҳ таолонинг: “Лаббай”, деган жавоби бор...

Ғофил, жоҳил одам дуодан узоқ­дир. Чунки “Ё Аллоҳ” дейиш учун унга изн йўқ. Оғзи ва тилида қулф бор.

Унутма, сени Аллоҳга ёлвориш, дуо қилишга бошлаётган дард-аламлар дунё бойликларидан яхшидир. Зеро, дардсиз дуо совуқ бўлади. Мусибатлар ичра қилинган дуо кўнгил тубидан чиқади.