• Рукни: Ўгит

Кўркамлик ва гўзалликни хуш кўрганимиз боис ҳовли-кўчаларга дарахтлар ўтказамиз. Дам олмоқчи бўлсак, албатта, кўкаламзор ерни танлаймиз. Бу неъматларни нафақат ўзимизга, балки кейинги авлодга ҳам қолдириш учун амалда тадбирлар олиб борамиз. Зеро, дунё охират экинзоридир.

Ўсимлик ва дарахтлар юрт ободончилигига, инсон соғлиги, маънавий камолоти учун қанчалик фойда келтиришини кўпчилик яхши билса-да, яна бир бор айрим маълумотларни келтириб ўтишни ўринли деб билдик. Бир гектар дарахтзор беш-ўн тонна карбонат ангидрид газини ютади ва ўн-йигирма тонна кислород ажратиб чиқаради. Инсон танаси бир кеча-кундузда ўртача уч юз литр, жисмоний ишлар бажарганда эса ўн-ўн беш марта кўпроқ кислород сарфлар экан. Шов­қин таъсирида танада тиамин витамини кескин камайиши, натижада одам ўзини ёмон ҳис қилиши маълум бўлди. Илмий изланишлар хулосаларига кўра, катта шаҳарлардаги шовқин умрни ўртача саккиз-ўн икки йилга қисқартирар экан. Бу муаммонинг энг яхши ечими кўчаларни кўкаламзорлаштиришдир. Чунки дарахт ва буталар шовқиннинг қарийб етмиш беш фоиз таъсир кучини камайтирар, йигирма уч фоизини эса ўзига ютиб олар экан. Шу маълумотлардан ҳам ўсимлик ва дарахтларнинг инсон ҳаётида қанчалик катта аҳамиятга эга экани намоён бўлмоқда.

Эзгу ишларни бажариш оқил инсонга хос фазилат. Аллоҳ таоло фазлидан берган тенгсиз неъматларини экиш, парваришлаш, улардан фойдаланиш, меваларидан баҳраманд бўлишнинг ҳар бирида савоб бор.

 

Комил ҚАРШИБОЕВ